Ссылки доступа

Қозоғистонлик тадбиркор Маргулан Сейсембаев ватанига қайтди


Ўзининг собиқ бизнес ҳамкори иши бўйича бир неча бор сўроққа чақирилгани боис таъқибдан хавфсираб ўтган ойда хорижда яшаб қолиши ҳақида баёнот берган қозоғистонлик топ-бизнесмен Маргулан Сейсембаев ватанига қайтиб келди.

Бизнесмен Маргулан Сейсембаев 1 февраль куни кечқурун ўзининг Facebook'даги саҳифасида хорижда бир неча ой истиқомат қилганидан сўнг ватанига қайтаётгани ҳақида маълум қилди. У “энг юқори даражада” ўзининг хавфсизлиги таъминланишига ваъда берилгани ҳақида ёзди.

Январь ойида «Альянс Банк»нинг собиқ эгаси ва Қозоғистондаги таниқли тадбиркор баёнот бериб, ўзининг собиқ бизнес ҳамкори Искандер Еримбетов ( у БТА Банкдан олиб кетилган ноқонуний пулларни қонунийлаштиришда гумон қилинмоқда) иши бўйича бир неча бор тергов идораларига сўроққа чақирилгани боис хорижда қолишга қарор қилгани борасида маълум қилган эди.

2 февраль куни эрталаб тадбиркор Қозоғистонга келди. У журналистларга изоҳ бермаслигини ва қандай талаблар билан ватанга қайтгани ҳақида сўзлаб бермаслигини айтди. Сейсембаев фақт битта саволга- Facebook’да ёзгани каби “энг юқори даражада” ўзи ва оиласи учун хавфсизлик кафолатланишига ишонасизми?” деган саволга жавоб қайтарди. "Ишонмаганимда эди, келмас эдим", – деди Маргулан Сейсембаев.

51 ёшли Маргулан Сейсембаев иккинчи бор “кафиллик асосида” ватанига қайтмоқда. Саккиз йил муқаддам у қисқа муддатли муҳожирликдан сўнг қайтган ва Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевга содиқлиги ҳақида баёнот берган эди. Бу ҳодиса ўзи раҳбарлик қиладиган «Альянс Банк»нинг давлат ихтиёрига ўтказилганидан сўнг юз берган эди.

XS
SM
MD
LG