Ссылки доступа

Қирғизистон президенти «24.kg» ахборот агентлигига нисбатан моддий даъвосидан воз кечди


Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков «24.kg» ахборот агентлигига нисбатан 5 миллион сом миқдоридаги моддий даъвосидан воз кечди. Бу ҳақда нашрнинг таъсисчиси Асел Оторбоева Озодлик Радиосига хабар қилди.

Унинг сўзларига кўра, президент Жээнбеков Свердловск туман судининг суд ижрочиларига мурожаат қилиб, даъволаридан воз кечишини айтди. Шундай қилиб, маънавий зарарни қоплаш учун жарима сифатида 5 миллион сом (73 минг АҚШ доллар)ни ундириш ҳақидаги суд иши бекор қилинди.

Шу билан бирга, президент журналист Кабай Қарабековга нисбатан моддий даъволаридан бош тортмади. "Ҳозирча у фақат ахборот агентлигига нисбатан зарарни қоплаш даъвосини рад этди", - деди Асел Оторбоева.

Ўтган йилнинг сентябрида "24.кг" ахборот агентлигининг сайтида "Сочига ташриф. Давомчининг нимаси яхши эканлигини Кремлга яна тушунтиришади" сарлавҳали мақола чоп этилган. Сооронбай Жээнбековнинг сайловолди штаби ушбу мақолани ҳақоратли деб эътироф этган ва судга шикоят қилган.

Даъвогар мақола муаллифи Кабай Қарабеков ва ахборот агентлигидан 5 миллион сом (73 минг доллар) миқдорида маънавий зарарни қоплаш учун пул талаб қилган. Кейинчалик Свердловск туман суди Жээнбеков даъвосини қондирди.

XS
SM
MD
LG