Ссылки доступа

Уруш йилларида юзлаб одамларни бошига етган касаллик Тожикистонга қайтди


Тожикистонинг Тоғли Бадахшон Мухтор вилоятида бир оиланинг олти нафар аъзоси уруш йилларида Хатлон вилоятида ўнлаб аҳолининг бошига етган касаллик ташҳиси билан шифохонага ётқизилди.

Гап бу ерда гелиотроп гепатити – жигарга зиён етказадиган озиқ-овқатдан заҳарланиш ҳақида кетмоқда. Бу касаллик бегона ўт аралаштрилган нон истеъмоли туфайли келиб чиқади. Касалликнинг дастлабки босқичида жигар кенгаяди ва гепатитга хос бўлган белгилар пайдо бўлади.

Шу йилнинг 31 январ куни касаллик Ишкашим туманидаги педагог Қурбонбек Қурбонбековнинг 13 ёшли ўғлини ҳаётдан олиб кетди. Айни дамда Хорог шифохонасида бу оиланинг яна икки аъзоси оғир аҳволда ётибди.

Шифохонага ётқизилган Қурбонбек Қурбонбековнинг айтишича, оила аъзолари буғдойдан қилинган нонни еганларидан сўнг ўзларини нохушҳис қилишган.

«3,5 ёшли набирам оғир аҳволда, 8 синфда ўқийдиган ўғлим ҳам оғир аҳволда – уларнинг ҳар иккиси болалар бўлимида. 11- синфдаги ўқийдиган ўғлим, мен ва рафиқам – терапия бўлимидамиз», – дейди Қурбонбеков.

Унинг айтишича, Соғлиқни сақлаш вазирлиги диагностика учун ТБМВга мутахассис-гастроэнтерологларни жалб қилган, улар касаликка буғдой билан тегирмонга тушиб қолган ёввойи ўт сабабчи бўлганини аниқлашди. Улар аҳолини ёввойи ўтларнинг озиқ-овқатга тушиб қолиш эҳтимолидан огоҳлантиришди ва сергак бўлишга чақиришди. Қурбонбековнинг сўзларига қараганда, улар сотиб олган ғалла ТБМВга Хатлон вилоятидан олиб келинган.

Келиб тушган хабарларга қараганда, Ишкашим туманидаги Птуп қишлоғидан яна икки оила аъзолари айни шу ташхис билан шифохонага ётқизилди: биринчи оиладан 11 киши, иккинчи оиладан 9 киши.

Гелиотроп гепатит Тожикистон жанубида, жумладан Фархор туманида 1992 йилда кенг тарқалган эди. Ўшанда касалликка 8 мингдан ортиқ киши чалинган эди, уларнинг камида 500 нафари вафот этган эди.

XS
SM
MD
LG