Ссылки доступа

Тошкент вилояти мактабларида ўқувчиларга дўппи кийиш буюрилди


Тошкент вилоятидаги бир неча мактабларда ўқувчиларга мактаб формасининг бир қисми сифатида дўппи кийиш буюрилган.

Бўстонлиқ ва Ўрта Чирчиқ туманларидаги мактаб ўқитувчилари маҳаллий мулозимлар тавсиясига кўра¸дарс пайтида ўқувчи қизлар ироқи дўппи ва ўғил болалар чуст дўппи кийиб ўтирганини айтишди.

Ўзбекистон халқ таълим вазирлиги мулозими исми айтилмаслик шарти билан “ëш авлодда маънавиятни шакллантириш ва қиммат ҳамда арзон кийим ўртасидаги фарқни йўқотиш учун” президент Шавкат Мирзиёев республикада мактаб формасини жорий этиш таклифини киритганидан кейин Тошкент вилоятидаги мактабларда тажриба тарзида дўппи кийиш жорий қилинганини айтди.

Айни пайтда Тошкент вилоятидаги ота-оналардан баъзилари ўз фарзандларининг дўппи кийиб мактабга боришини маъқулламаслигини айтишди.

Бўстонлиқ туманида истиқомат қиладиган Миржалол Отахонов икки фарзандининг мактаб формасига қўшимча сифатида дўппи сотиб олиб бериш оғирлик қилганини айтди.

"Пул йиғиб ҳаммага бир хил бичимда дўппи сотиб оламиз дейишди. Мен бориб вазирликнинг буйруғини кўрсатинг, дедим. Кўрсатмади. Менимча бунақа буйруқ умуман бўлмаса керак. Директор буйруқни кўрсатолмади. Галстук ҳам мажбурий деди. Қизлар сочларини иккита қилиб ўриб юрсин ҳам дейишди"¸ - дейди суҳбатдош.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўтган йилнинг ëзида ўтказилган видеоселекторда умумтаълим мактабларида мактаб формасини жорий этилиши тарафдори эканлигини маълум қилган эди.

XS
SM
MD
LG