Хабар қилинишича, 5 февраль куни соат 6:00 дан 12:00 гача 36 нафар фуқаро Косонсой туман тиббиёт бирлашмасининг юқумли касалликлар бўлимига заҳарланиш аломатлари - кўнгил айниши, қайд қилиш, бош оғриғи ва умумий заифлик шикоятлари билан мурожаат қилган.
Барча беморлар 4 февраль куни соат 12.00 дан 13.00 гача марказий деҳқон бозорида гўшт махсулотлари - калла-почани номаълум шахсдан сотиб олиб, истеъмол қилганларидан кейин соғлиқлари ёмонлашганини айтишган.
36 киши ўткир гастроэнтерит, токсикоинфекция ташхисида гумон қилинган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу ҳолатни назоратга олиб, Косонсой туман тиббиёт бирлашмаси зарур дори-дармонлар, инфузион эритмалар, бир маротаба ишлатиладиган шприц ва системалар билан етарли миқдорда таъминлангани ҳақида хабар қилди.
Воқеадан сўнг Косонсой бозорида санитария-эпидемиология хизмати, Ички ишлар ва Солиқ органлари мутахассислари билан профилактик тадбирлари олиб борилган.
Сўнгги хабарларга кўра, чанитария-эпидемиология хизмати мутахассислари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ва солиқ хизмати ходимлари деҳқон бозорида текширувларни ўтказмоқдалар.