Ссылки доступа

Тожикистон парламенти президент сайлови тўғрисидаги қонунга тузатиш киритишни муҳокама қилади


Тожикистон парламенининг қуйи палатаси - Мажлиси намояндагон чоршанба куни “Тожикистон Республикси президенти сайлови тўғрисида”ги қонунга тузатиш киритиш билан боғлиқ масалани муҳокама қилади. Жумладан, президентликка номзодлар ёшини 35 ёшдан 30 ёшга қисқартириш таклиф қилинмоқда.

Тожикистон парламенти депутати Саиджафар Усмонзоданинг айтишича, қонун чиқарувчилар “Тожикистон Республикаси президенти сайлови тўғрисида”, “Тожикистон Республикаси Мажлиси Олийга сайловлар тўғрисида”ги қонунларга ўзгартиш киритиш масаласини муҳокама қиладилар.

Бу тузатишлар мамлакатда 2016 йилда ўтказилган конституциявий референдум асосида амалга оширилмоқда, унга кўра, Миллат етакчиси, амалдаги давлат раҳбари Эмомали Раҳмон чекланмаган муддатга Тожикистон Республикаси президенти этиб сайланиши мумкин. «Бундан ташқари референдумда ТР Конституциясига киритилган тузатишларга биноан, мамлакат президенти ва парламент депутати этиб 30 ёшга тўлган Тожикистон фуқароси сайланиши мумкин. Аввал бу чекловлар 35 ва 25 ёш деб белгиланган эди», дейди Усмонзода.

Эслатиб ўтамиз, 2016 йилнинг 22 май куни Тожикистонда мамлакат Конституциясига қўшимча ва тузатиш киритишга қаратилган референдум бўлиб ўтди. Ҳукумат таклиф қилган ва референдумда аҳоли томонидан қўллаб-қувватланган қирқта қўшимчадан иккитаси энг аҳамиятли эди. Биринчидан, Тожикистон раҳбари Эмомали Раҳмон бирор бир чекловларсиз ўз номзодини мамлакат президентлигига кўрсатиш имкониятига эга бўлди. Иккинчидан, президентликка номзодлар ёши 35 ёшдан 30 ёшга қисқартирилди. Таҳлилчиларнинг фикрича, бу қўшимчалар Эмомали Раҳмоннинг катта ўғли Рустами Эмомали 2020 йилда бўлиб ўтадиган президентлик сайловларига ўз номзодини қўйиш имкониятига эга бўлиши мақсадида киритилган.

XS
SM
MD
LG