Ссылки доступа

БМТ: ИД гуруҳи ҳамон жиддий таҳдид бўлиб қолмоқда


Бирлашган Миллатлар ташкилоти “Ислом Давлати”(ИД) террор ташкилоти ҳамон “жаҳонда муҳим ва ривожланаётган таҳдид” бўлиб қолаётганини таъкидлади. Бу ҳақда чоршанба куни Associated Press агентлиги маълум қилди.

БМТ экспертларининг фикрича, келажакда ИД асосий эътиборини жанг қилиш ва ҳужумларни уюштирувчи кичик ва шу билан бирга мотивацион гуруҳларга қаратади. Экспертларнинг айтишича, жангарилар гуруҳлари бугунги кунда “ягона иеархия тизими ва унга боғлиқ бўлган шахсларга нисбатан камроқ оператив назорат ўрнатилган глобал тармоқ”ни ўзида акс эттиради.

Шу билан бирга турк полицияси Анқарада ИДнинг эҳтимолий “ахборот вазири” Омер Йетекни ҳибсга олди, дея хабар берди Anadolu агентлиги ўз манбаларига таяниб.

Хабарларга кўра, Йетек ИД фаолиятини оммавий ахборот воситаларида ёритиш устидан маъсул эди. Бундан ташқари у Туркиядаги айрим террор ҳужумларига алоқадорликда гумон қилинади.

ИДнинг “жанг вазири” - Тожикистон ИИВ ОМОНи собиқ командири Гулмурод Ҳалимовнинг тақдири номаълумлигича қолмоқда. Ўтган йили РФ Мудофаа вазирлиги Гулмурод Ҳалимов Россия авиацияси томонидан Суриянинг Дейр-эз-Зора шаҳрига берилган зарба оқибатида ўлдирилганини маълум қилган эди. АҚШ Давлат котибининг Марказий Осиё ва Афғонистон бўйичаёрдамчисининг ўринбосари Генри С. Эншер куни кеча берган баёнотида Ҳалимовнинг ўлими ҳақида АҚШда маълумот йўқлигини таъкидлаган эди.

Ўтган йилнинг сўнггида БМТ Хавфсизлик Кенгаши мажлисида махсус вакил Ян Кубиш баёнот бериб, сўнги уч йил мобайнида харбий ҳаракатлар натижасида ИД Ироқ ва Суриядаги ҳудудларнинг 95 фоиздан айрилганини билдирган эди. Жангарилар ҳукмронлигидан 7,5 миллион киши озод қилинган. Ян Кубишнинг айтишича, ғалаба кўплаб қурбонлар эвазига қўлга киритилди — минглаб тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлди, кўплаб шаҳарлар ер юзидан супуриб ташланди, олтимиллион киши ўз уйларини ташлаб кетди.

XS
SM
MD
LG