Ссылки доступа

Қозоғистонда қайтадан монархия тикланиши ғояси илгари сурилмоқда


Қозоғистонда ёш шоир Балтабек Нургалиев қозоқ тилли айрим ОАВга интервью берар экан, мамлакатни “фақат Назарбоевлар сулоласи бошқариши кераклиги” борасида баёнот берди. У Қозоғистонда монархия тикланиши борасидаги ғояни илгари сураётган ягона ташаббускор эмас.

Ўтган ҳафтада қозоғистонлик ёш шоир Балтабек Нургалиев ўзининг Facebook’даги саҳифасида Қозоғистонда монархия ўрнатиш ҳақидаги ғоясини илгари сурди. Айрим ОАВга берган изоҳида Нургалиев баёнот берар экан, фақат монархиягина Қозоғистоннинг «Мангилик ел» бўлишини кафолатлайди, деди. Гап бу ерда Назарбаев томонидан бир неча йил аввал илгари сурилган “Мангу эл” ғояси ҳақида бормоқда, сўнги йилларда бу ғоя тез-тез тилга олинмоқда. Шоир ўзининг ғоясини исботлашга уринар экан, тахт меросхўри ёшлик чоғиданоқ мамлакатни сиёсий тўнтаришлардан ҳимоя қилиш мақсадида барқарорлик, хавфсизлик, осойишталикни таъминлаш руҳида тарбияланади, деди.

Нургалиев — ҳозирча биринчи ва ягона президент бўлмиш Нурсултон Назарбоевни монарх роли сифатида таклиф қилиб, Қозоғистонда монархия ўрнатиш керак, деган ғояни илгари сураётган биринчи киши эмас.

2006 йилда, ўша вақтда президентнинг куёви бўлмиш Раҳат Алиев «айнан монарх узоқ йиллар давомида жамиятда барқарорликни таъминлай олади - бу каби ваколатлар президентларда йўқ» дея таъкидлаган эди.

Сиёсатшунос Досим Сатпаевнинг фикрича, бу каби барча ташаббуслар бир неча йилдан бери хокимият ўзгармай келаётган Қозоғистон сиёсий тизимининг табиатини акс эттиради. Сиёсатшуноснинг сўзларига қараганда, бу ҳар қандай монархиянинг ўзига хос хусусиятидир.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Амангельди Шорманбаевнинг эслатишича, Конституциясига кўра, Қозоғистон президент бошқарувидаги давлат ҳисобланади. Монархия жорий қилиш учун мамлакатнинг асосий қонунини ўзгартириш керак бўлади.

2015 йил апрелида Нурсултон Назарбоев навбатдаги президентлик муддатига сайланган эди, ўшанда у сайловларда сайловчиларнинг 97,7 фоиз овозини олган эди. 77 ёшли Назарбоев Қозоғистонни 1989 йилдан бери бошқариб келади.

XS
SM
MD
LG