Ссылки доступа

Ашхабод аҳолиси банкоматларда пул ечишда янги қийинчиликлар билан тўқнаш келди


Ашхабоддаги давлат идораларининг ходимлари январь ойи учун маошларини пластик картлардан нақдлаштириш жараёнида қийинчиликлар билан тўқнаш келди. 7 январь куни картлар фойдаланувчилари пойтахтдаги банкоматларда бир вақтнинг ўзида банк карталаридан 200 манатдан ортиқ пул ечиш мумкин эмаслигини билишди.

"Банкоматлардаги купюраларнинг ҳаммаси 10 манатлик эди. Ўрнатилган компьютер дастурига кўра банкомат 20 тадан ортиқ купюр бера олмайди. Бунинг натижасида, одамларнинг банкоматда навбати келиб, улар масалан, ойлик маошларидан 1000 манат ечишмоқчи бўлса, купюралар майда ва чеклангани бўлгани боис таблода “кўрсатилган суммани ечиш мумкин эмас”, деган ёзув чиқади. Охир-оқибат банкоматлар 200 манатдан ортиқ пул бера олмайди,- дея “Озодлик”ка хабар берди ашхабодлик шарҳловчи Аманмират Бугаев.

Унинг сўзларига қараганда, айни дамда бир кунлик лимит бўйича 1000 манатлик пул ечиш мақсадида фойдаланувчилар камида беш марта амалиётни такрорлашлари керак бўлади ва шу билан бирга банкоматларда нақд пул етишмовчилиги билан боғлиқ яна бир муаммо билан тўқнаш келишади.

Банкоматлар олдида навбатда турган одамларнинг чорак қисмигина куни кеча пулларни нақдлаштириб олишди ва Мир-3 микрорайонидаги "Туркманистан" банкининг филиалига мурожаат қилишди. Банк ходимлари уларга қарата: "Нима кўзингизни ёғ босаяптими? Вақтида пул беришса олинг. Пул керак бўлмаса уйда ўтиринг", дея жавоб беришди.

“Озодлик” радиоси таҳририяти банкнинг мазкур бўлими билан боғланишга унинди, бироқ ҳозирча изоҳ олишга муваффақ бўлмади.

Туркманистонда сўнги тўрт йилда давлат хизматчиларига маошлар банк картларига ўтказиб берилади. Айни дамда пластик карталарга пенсия, нафақа, стипендия, шунингдек пахта, ғалла ва қишлоқ хўжалигининг бошқа маҳсулотларини етиштириб давлатга сотган фермерларнинг ҳам иш хақлари ўтказилади.

XS
SM
MD
LG