Ссылки доступа

Спорт ҳакамлик суди 47 нафар россияликларнинг ХОҚ устидан шикоятларини рад этди


Пхёнчхандаги Спорт ҳакамлик судининг сайёр мажлиси шу жума куни очиладиган Олимпия ўйинларида иштирок этишларига рухсат бермаган Халқаро олимпия қўмитасининг қарори устидан шикоят қилган барча 47 нафар россиялик спортчиларнинг аризаларини рад этди.

45 нафар спортчи ва икки нафар мураббий ХОҚнинг қарори таҳқирловчи, ихтиёрий ёки нотўғри чиқарилганлигини исботлай олмади, дейилади суд қарорида. Халқаро олимпия қўмитаси спорт ҳакамлик судининг қарорини маъқуллади ва уни допингга қарши курашишга қўшган ҳиссаси сифатида қабул қилди.

Ҳафта бошида тахминларга кўра допинг қабул қилишга алоқаси бўлмаган 32 россиялик атлет ХОҚнинг уларни Олимпиадага қадар йўл қўйишга рад жавоби устиданҳакамлик судига апелляция берган эди. Шу билан бир вақтда судга яна 13 та спортчи ва 2 нафар мураббий мурожаат қилган бўлиб, қўмита уларнинг ман этилган моддалардан фойдаланганликка алоқаси борлигининг исботланмаганлиги ҳақидаги ҳакамлик судининг қарорига қарамасдан уларни ўйинларга таклиф қилишдан бош тортган эди.

5 декабрь куни ХОҚ Россия терма жамоасини Жанубий Кореядаги 2018 йилги қишки Олимпиада иштирок этишдан четлаштирган эди. Икки марта ўтказилган текшириш Кремль спортда допинг қўллаш тизимини ташкиллаштирганлигини тасдиқлади. Допинг қўлламаганлигини исботлаган россиялик спортчиларга нейтрал байроқ остида мусобақада қатнашишга рухсат берилди. Натижада Ўйинларда иштирок этиш учун 169 та атлет рўйхатга олинган.

XS
SM
MD
LG