Ссылки доступа

Ўзбекистон бош прокуратура терговчилари Солиқ ва Божхона қўмиталарида текширув бошлади


Ўзбекистон бош прокуратураси терговчилари Давлат солиқ қумитасида кенг кўламли текширув бошлади. Солиқ қўмитаси мулозимларидан кўрсатмалар олинмоқда ва ҳужжатлар муҳрланмоқда.

Ички ишлар вазирлигидаги манбанинг маълум қилишича, Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси бош биносининг атрофи қаттиқ назоратга олинган. Унинг айтишича, бино атрофига бир нечта енгил ва ҳарбий аскарларни ташишда ишлатиладиган юк машиналари жойлаштирилган.

– 31 январ куни Миллий хавфсизлик хизматининг қудратли раҳбари Рустам Иноятов лавозимидан четлаштирилгач, унинг қудаси Солиқ қумитаси раиси Ботир Парпиев узра қора булутлар пайдо бўлди,– деди текширувлар ҳақида биринчи бўлиб хабар тарқатган журналист Сергей Ежков.

Жараёндан хабардор солиқчининг айтишича, прокуратура ва Ҳисоб палатаси ўтган ҳафтада Солиқ қумитасида бошлаган режали текширув давомида кўп миллион долларлик (дастлабки маълумотларга кўра, 70 миллиард сўм ёки 8,5 миллион доллар атрофида) камомадни аниқлаган ва натижада текширув кўлами жиддийлашиб кетган.

Ўзининг махфий манбаларига таянган ҳолда хабар тарқатган "Узметроном" сайти дастлаб 20 кишидан иборат “терговчилар десанти” 65 кишига етгани ҳақида ёзди. Сайтга кўра, текширувдан кўзланган мақсад солиқ текширувларини амалга ошириш жараёнида эҳтимолий жиноий ва коррупцион схемаларини аниқлашдан иборат.

Текширувлар 15 апрелгача давом этиши ва натижалар Президент Мирзиёвга тақдим этилиши айтилмоқда. Ўзбекистон Божхона қўмитасида ҳам худди шундай текширувлар бошланди. Маълумотларга кўра, текширувлар тугаганидан кейин божхона қўмитаси Молия вазирлиги тасарруфига ўтказилиши мумкин.

XS
SM
MD
LG