Хусусан¸ Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти бошлиғи¸ адлия катта маслаҳатчиси Жаҳонгир Эгамов МХХ янги раиси Ихтиëр Абдуллаевга ўринбосар этиб тайинланган. 31 январь куни МХХ раиси этиб тайинланган Ихтиëр Абдуллаев 2015 йилдан мамлакат Бош прокурори лавозимида ишлаган.
Шахси очиқланмаслигини сўраган мулозимларга кўра¸ Миллий хавфсизлик хизматининг оддий ўзбекистонликлар орасида қўрқув билан тилга олинадиган Тергов бошқармаси (собиқ Гвардейская кўчасидаги – таҳр) бошлиғи ҳам ўзгарган.
Бу лавозимга Тошкент шаҳар прокурори ўринбосари¸ шаҳар прокуратурасининг тергов бошқармасига раҳбарлик қилган Аброр Абдуллаев тайинланган.
Ҳозирча бу кадр ўзгаришлари на расмий матбуот ва на прокуратура расмий сайтида эълон қилинмади. 2018 йил январидан президент Шавкат Мирзиëев узоқ йиллар Ўзбекистон ҳуқуқ тизимлари фаолиятини назорат қилиб келган Миллий хавфсизлик хизматида кадр ўзгаришлари қилишни бошлади. Хусусан¸ 31 январь куни хизматни 23 йил давомида бошқариб келган генерал Рустам Иноятовни МХХ раислигидан бўшатди.