13 февраль куни эълон қилинган баёнотда Бобомурод Абдуллаевга нисбатан қийноқ қўллаганликда гумонланган ҳуқуқ-тартибот ходимларига нисбатан тергов олиб борилиши ҳам талаб қилинган. Баёнот Amnesty International, Марказий Осиё Инсон ҳуқуқлари ассоциацияси, Фуқаролик ҳуқуқлари ҳимоячилари, Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси, Freedom House, Human Rights Watch, Инсон ҳуқулари бўйича халқаро ҳамкорлик, Норвегия Хельсинки қўмитаси, Чегара билмас мухбирлар, Бугун озод этилиш учун, 19-модда ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон-Германия форуми томонидан имзоланган.
"Ўзбекистон ҳукумати хавфсизлик хизматини ислоҳ қилиш ниятини билдираётган бир пайтда ҳибсдаги журналистлар ва бошқа маҳкумларнинг қийноққа солингани тўғрисидаги маълумотлар зудликда тергов қилиниши ҳамда ўзбек расмийлари томонидан кескин ва ошкора қораланиши лозим", -деди Human Rights Watch ташкилотининг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Стив Свердлов.
Эслатиб ўтамиз, 8 февраль куни ҳуқуқ фаоли Суръат Икромов ўз манбаларига таяниб, ўтган йилнинг сентябрь ойидан бери “Давлат тўнтаришга уринишда” гумонланиб ҳибсда қолаëтган журналист Бобомурод Абдуллаевни тергов қилаëтган МХХ тергов бошқармаси терговчиси¸ адлия подполковниги Нодирбек Тўрақулов ва айни бошқарма терговчиси адлия майори Веселов Александр ишдан четлаштирилгани ҳақида хабар берган эди. Икромовнинг айтишича¸ бу икки МХХ зобити “маҳбусни тергов пайтида қийнаш¸ жиноят ишини сохталаштириш¸ ноқонуний ҳибсга олиш" каби қонунга зид ҳаракатлари боис ишдан четлаштирилган.
Ўтган йилнинг 27 сентябрида МХХ томонидан ҳибсга олинган Бобомурод Абдуллаев 2011 йилдан "Усмон Ҳақназаров" имзоси остида "амалдаги тузумни ўзгартиришга чақирувчи" мақолалар чоп этиш ва Ўзбекистонда "инқилоб қилиш"га уринишда гумонланмоқда. Бобомурод Абдуллаев устидан бораётган тергов ишига шу пайтгача тўрт киши тортилган. Улардан бири 27 ёшли тадқиқотчи олим Акром Маликов. У ўз мақолаларида Ўзбекистоннинг ҳозирги раҳбарияти ва унинг давлат бошқаруви усулларини очиқ танқид қилган. Тошкент вилоят жиноят ишлари бўйича суди 2017 йилнинг 13 январида уни конституцион тузумга тажовуз қилишда айбдор деб топиб, олти йилга озодликдан маҳрум қилди.
Ўтган йилнинг октябрида Тошкентда ҳибсга олинган блоггер ва тошкентлик ўқитувчи Ҳаётхон Насриддинов ҳам Ўзбекистоннинг конституциявий тузумига тажовуз қилишда айбланган.