Қозоғистоннинг Россиядаги элчихонаси 13 февраль куни сўровга берилган жавобда 1994 йилда туғилган Қозоғистон фуқароси Виктор Филинков 25 январь куни ҳибсга олингани ва айни дамда Петербургдаги СИЗОда ушлаб турилганини маълум қилди.
«Бош консуллик Россия ТИВнинг Санкт-Петербургдаги ваколатхонаси ва Россиянинг тегишли идораларига Қозоғистон консулининг ҳуқуқий-консуллик ёрдами ва қонуний ҳуқуқларини таъминлашга ёрдам бериш мақсадида фуқаро Виктор Филинков билан учрашувини ташкиллаштириш масаласида сўровнома юборди. Айни дақиқаларда Россия расмийлари томонидан жавоб келгани йўқ. Иш давом этмоқда», — дейилади матбуот хизмати хабарида.
ОАВ Филинковнинг рафиқасига таянган ҳолда, у 23 январь куни Киевга жўнаб кетиш мақсадида «Пулково» аэропортига кетаётганида йўқолиб қолгани ҳақида хабар тарқатган эди.
Қамоқхонага ташриф буюрган Жамоат Кузатув комиссияси(ЖКК) аъзоларига Филинков аэропортда ушланганидан сўнг калтакланганлигини айтди. ЖКК ҳужжатларига кўра, Филинковнинг баданида электрошокердан олинган жароҳатларнинг излари кўриниб турибди. Ҳибсга олинган фуқаронинг айтишича, ниқоб кийган ФХХ ходимлари уни ўрмонга олиб боришган. Филинковнинг баёнот беришича, кўрсатма олиш мақсадида қийноқларга солинибди.
Санкт-Петербург суди 25 январь куни эҳтиёт чораси сифатида гумондор Филинковни икки ой, яъни 23 мартга қадар ҳибсда ушлаб туриш борасида қарор қабул қилди. Тергов версиясига кўра, Филинков ва "исми аниқланмаган шахс" мақсади “террор фаолияти, тарғибот, шунингдек, терроризмни қўллаб-қувватлаш ва оқлаш бўлган” қандайдир гуруҳ тузган.