"Дашўғузда миллий хавфсизлик хизмати масжидларга ташриф буюрувчи диндорларни, шунингдек пенсия ёшига етмаган давлат хизматчиларини ва уйида ёки ишхонада намоз ўқиётганларни чақириб, сўроқ қилмоқда. Уларга қуйидагича савол беришмоқда: Нима учун намоз ўқийсиз? Ким билан мулоқот қиласиз? Ота-онангиз ким? Шундан сўнг улардан намоз ўқимаслик ва масжидга бормаслик талаб қилинмоқда", - дейди манбалардан бири.
Унинг сўзларига қараганда, сўроқ қилинганлар “масжид ёки ишхонада намоз ўқиш давом этаверадиган тақдирда, диндорлар ишдан бўшатилиши” ҳақида огоҳлантирилмоқда.
"Ҳеч қаерда ишламаётган ва ёшлардан Туркияда ишлаган ёки ишламаганлари, у ерда қариндошлари ишлаяптими, қайси русумдаги телефондан фойдаланиши, телефонида диний даъватлар бор ёки йўқлиги сўралмоқда", - дея хабар беради “Озодлик” суҳбатдошлари ва аввал Туркияда ишлаб келганлар бирма-бир сўроқ қилинаётганларини ўз сўзларига қўшимча қилди. Туркияда ишлаб келганларнинг атрофидагилар, танишлари суриштирилмоқда. Соқоли борёшларни соқолларини олиб ташлашга мажбурлашмоқда, шундан кейингина қўйиб юборишмоқда.
Суҳбатдошларнинг сўзларига қараганда, тергов ўтказаётган куч ишлатиш салоҳиятига эга идоралар ходимлари диндорларни нима сабабдан сўроқ қилаётганлари сабабларини тушунтиришмаяпти. Бундан ташқари, минтақадаги бир нечта манбанинг айтишича, Сапармурат Туркманбоши туманидаги бир қатор қишлоқларда маҳаллий маъмуриятларга намоз ўқиётган диндорларнинг рўйхатини тузиш топширилган.