Шавкат Мирзиёевнинг мажлисда айтишича, ваколат доирасидан четга чиқиб кетган МХХ ходимларининг фаолияти Бухорода ҳам норозиликлар ошишига сабаб бўлган.
“Бизда битта ташкилот бор, миллий хавфсизлик деган жаноблар бор. Сизлар ҳаммаларинг биляпсизлар, қанақа ўзгаришлар Ўзбекистонда бўляпти. Битта давлатнинг идорасига шунча ваколат бериш, бу умуман давлатга бўлган қип-қизил хиёнатчилик. Шунинг учун Бухорода ҳам норозичилик. Менга келган хатлар (муаллифлари. -таҳр) жуда норози. Тадбиркорларни бошини еган ўша ташкилотлар ҳалиям бор”, дейди президент.
Президентнинг айтишича, унинг қўлида МХХнинг Бухородаги жиноятлари ҳақида етарли далиллар бор.
“Бухородан менда жуда кўп манба бор. Тадбиркорларни айбсиз қамагани, қандай қийнагани, расмлари ҳам бор менда. Ўша ишни қилган терговчиларнинг ҳаммасининг фамилияси бор. Худо хоҳласа, соғ-саломат юрсак, вақт келади, телевизорда кўрасизлар. Уларни ҳам худди шу куйга солдираман. Нима учун, адолат бўлиши керак. Йигирма йил бўлса, йигирма йил қамалади”, дейди президент.
Шавкат Мирзиёевнинг айтишича, МХХ дастидан жуда кўп тадбиркорлар Бухорони тарк қилишга мажбур бўлган. МХХга берилган чексиз ваколатни танқид қилган президент, тизим фаолиятини ўтган асрнинг 30-йилларидаги қатағонга солиштирди.