Ссылки доступа

Ўзбекистонда шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳақида фильм намойиш қилинди


18 февраль куни “Ўзбекистон 24” телеканали орқали Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг ҳаёти ва ижоди тўғрисида ҳужжатли фильм намойиш қилинди. Маълумотларга қараганда фильмни яратиш ғояси муаллифи президент матбуот котиби Комил Алламжоновдир.

Куни кеча Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф хотирасини абадийлаштириш ҳақида сўз юритган ва Тошкент шаҳрида барпо этилаётган масжидни у киши шарафига номлаш ташаббуси билан чиқди.

Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 1952 йилда Андижон вилоятида туғилган.У Ўзбекистонда ва ислом дунёсидаги энг машҳур олимлардан эди. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 1989 йилда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси, муфтийси бўлган. Бу лавозимда у кенг миқёсдаги халқаро фаолиятни амалга оширди, кўплаб ислом давлатлари билан маданий ва маърифий алоқаларни ўрнатди ва ривожлантирди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Ислом уламоларининг энг катта нодавлат ташкилоти бўлган Ислом Уламоларининг Миллатлараро Иттифоқининг пешқадам аъзоларидан бири, Жаҳон мусулмонла уламолари иттифоқи аъзоси, Жаҳон Ислом лигаси ва Иордания қироллик академияси аъзоси бўлган. У киши Миср Араб Республикасининг "Нил лаври" олтин нишонига сазовор бўлган.

Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳаёти давомида 100дан зиёд китоб ёзган. Шайх Ислом Каримов ҳукумати билан муносабатлари яхши бўлмаганлиги сабабли, у Ливияда бир неча йилдан буён муҳожирликда яшашга мажбур бўлган. Бироқ, 1999 йили Тошкентда портлашлардан сўнг, президент Ислом Каримов муфтийнинг обрў-эътиборидан фойдаланишга қарор қилди ва уни хавфсизлик кафолати билан ватанига қайтишга таклиф қилди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 2015 йилнинг 10 март куни 62 ёшда юрак ҳуружидан Тошкентда вафот этган. Шайх жанозасида 200 мингдан зиёд инсон қатнашгани хабар қилинган.

XS
SM
MD
LG