Адлия вазирлигига қарашли тергов изолятори раҳбарияти ва пойтахтдаги Фирдавсий туман милиция бўлимининг Вақтинчалик ушлаб туриш изолятори бу масалада бирор бир изоҳ бермади. Фақатгина Фирдавсий туман ИИБ бўлими Вақтинчалик ушлаб туриш изоляторидаги манба ёпиқ муассаса рўйхатида бу номдаги маҳбус йўқлигини айтди.
Яқин яқингача Шарифов истиқомат қилиб келган Исфарадаги Ворух жамоати раиси Дилшоджон Мараупов Шарифовнинг қариндошлари бу масалада маълумотга эга эмаслигини айтди. Нуъмонжон Шарифов партияда фаолият юритишдан ташқари тадбиркорлик билан ҳам шуғулланган ва уч йил муқаддам мамлакатни тарк этган эди.
«Нуъмонжон яхшигина тадбиркор эди, уни ким ва қандай йўллар билан ТИУП сафларига жалб қилгани аниқ эмас. Мана шундан кейин унинг муаммоси бошланди», - дейди жамоат раҳбари.
Халқаро Human Rights Vision Foundation ҳуқуқ ҳимояси билан шуғулланувчи ташкилот 19 февраль куни баёнот бериб, Истанбулда ушланган ТИУП аъзоси Нуъмонжон Шарифов Тожикистонга олиб келингани ҳақида маълум қилди. Адвокатнинг сўзларига таянган ҳуқуқ ҳимоячиларининг таъкидлашларича, ТИУП фаоли 16 февраль куни ТРнинг Истанбулдаги консулхонаси ходимлари иштирокида вақтинчалик изолятордан аэропортга олиб келинган ва Тожикистоннинг «Сомон Эйр» авиакомпанияси самолётида Душанбега олиб келинган.
Нуъмонжон Шарифов шу йилнинг февраль ойи бошларида Тожикистон расмийларнинг сўровига биноан Туркия полицияси ходимлари томонидан ушланган эди. Human Rights Vision Foundation маълумотига кўра, ватанида у уюшган жиноий гуруҳ (187 модда. 2 қисм) ташкил қилиш ва конституциявий тузумни ағдариб ташлашга ошкора даъват қилиш (ТР ЖКнинг 301моддаси)да айбланади.