Ссылки доступа

Туркманистонда импорт саноат маҳсулотлари 80% га қимматлади


Ашхабоддаги бозор ва савдо марказларида айрим маҳсулотлар, шунингдек, хорижда ишлаб чиқарилган саноат товарлари яна қимматлашди. “Озодлик” радиоси мухбирларининг сўзларига қараганда, сўнгги ўн кунда импорт қилинадиган саноат маҳсулотлари нархи ўртача 80%га қимматлашди.

"Энг аввало кир ювиш маҳсулотлари қимматлади. Аввал 500 грамм кир ювиш кукуни 7 манат (2 долларга яқин) эди, эндиликда 17 манатга сотилмоқда. 250-300 манат турадиган айрим парфюмерия маҳсулотларининг нархи 350-400 манатга қадар кўтарилди", - дейди ашхабодлик шарҳловчи Аманмират Бугаев.

Унинг сўзларига қараганда, нон яна ошди, "Селим", "Томус", "Саглык" маҳаллий корхоналари томонидан ишлаб чиқариладиган 300 грамм оғирликдаги бир буханка қора нон 1 манатга қимматлашди ва эндиликда 4.5 манатдан сотилмоқда.

Бундан аввал ун, гўшт ва сут маҳсулотларининг нархи кўтарилгани ҳақида хабар берилган эди. Пойтахт тадбиркорлари товарларга нархларнинг оширилишини хорижий валютанинг норасмий алмаштириш пунктларидаги қиймати кўтарилгани, бензин нархининг 50 фоизга ошгани ва Туркманистон пойтахтидаги савдо иншоатларининг ижара хақи кўтарилгани билан изоҳлашмоқда.

Яқинда, сўнгги икки йилда илк бор, мамлакатда автомобиль ёнилғисининг нархи оширилди. Бензин нархи 1 февралдан 50%га ошди ва бир литри 1.5 манатгачиқди. Шу билан бирга “қора бозор”да хорижий валюта нархи бирданига сакраб кетаётгани кузатилмоқда, валюта норасмий курси ой ўрталарида рекорд дараждага чиқди ва 15 манат 1 АҚШ долларини ташкил қилди.

XS
SM
MD
LG