Ссылки доступа

Тожикистонда наркокурьерлар борасидаги маълумот учун эркак камситилмоқда


Пенжикент туманида яшовчи кишининг айтишича, унинг исми гиёҳванд моддалар контрабандаси бўйича жиноий ишда гувоҳ сифатида тилга олиниши бутун ҳаётини ағдар-тўнтар қилиб юборди.

Панжикент туманидаги Фороб қишлоғида истиқомат қилувчи 47 ёшли Муртазо Зубайдов 22 февраль куни баёнот бериб, бир йил аввал ўз номини ошкор қилмаслик шарти билан тегишли идораларга икки нафар гиёҳванд моддалар контрабандисти тўғрисида маълумот берганини айтди. Унинг маълумоти асосида олиб борилган махсус амалиёт чоғида тўрт киши ҳибсга олинди. Маълумот бериш масаласидаги талаблардан бирига кўра, унинг номи махфий сақланиши керак эди. Бироқ, Зубайдовнинг сўзларига қараганда, бир неча ойдан сўнг бошланган мазкур иш бўйича дастлабки терговга кўрау бу ишда “иштирокчи” экани маълум бўлди ва айбланувчилар ҳам бундан хабардор бўлди.

«Шундан сўнг қишлоқда менинг ҳаётим дўзахга айланди. Менинг номим ҳеч қаерда тилга олинмаслигига ишонтиришган эди. Бироқ, иш судга оширилганида, судья айбловни ўқиб эшитирганида менинг исмимни ҳам эълон қилди. Энди ҳамма мени “эчки” деб атамоқда, ҳамма мендан юз ўгирмоқда. Ҳеч ким мен билан гаплашмаяпти. Мени “сотган” ходим жазога тортилиши борасида ариза ёздим, бироқ у жазога тортилмади. Мен ўзимнинг фуқоаролик бурчимни бажардим, бироқ бошимга ғалва ортириб олдим», - дейди Зубайдов.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, унинг номи судда тилга олинган кундан бошлаб ҳуқуқ тартибот ходимлари томонидан қўлга олинган қишлоқдошлари бунинг ортида ўзи турганлигини айтаётган экан. «Жиянимни, онамнинг синглисининг ўғлини эксремизмда гумон қилишиб ҳибсга олишди. Бечоранинг тўрт нафар фарзанди бор. Мени гувоҳ сифатида чақиришди, мен ҳеч нарса билмаслигимни айтдим. Шунга қарамай ҳамма мен “сотганим”ни айтишмоқда. Эндиликда қариндошларим ҳам мендан юз ўгирмоқда», - дейди ўкинч билан Зубайдов.

Муртазо Зубайдова Бош прокуратура ва президент девонига арз қилиш учун Душанбега келди.

Фороб қишлоғида истиқомат қилувчи аҳоли вакилларидан бири ўз номини ошкор қилмаслик шарти билан ҳибсга олинган тўрт нафаридан икки нафари асоссиз қўлга олинганини айтди. «Биз тушунамиз, қонун бор, давлатга ёрдам бериш керак, бироқ ёлғон маълумот асосида ҳибсга олишлар бошланар экан, одамларда “агентлар”га нисбатан шундай муносабатлар пайдо бўлади. Қўлга олинганларнинг контрабандада айбдорлигини аниқ билмайман, бироқ одамларнинг айтишича, ҳибсга олинганларнинг иккитаси бегуноҳ», - деди.

XS
SM
MD
LG