Ссылки доступа

Ўзбекистонда мухолифат фаоли Исроилжон Холдоров озодликка чиқди


Мухолифат ва инсон ҳақлари фаоли Исроил Холдоров 21 февраль куни Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш Бош бошқармаси тизимидаги 64/68-сонли колониядан озод этилган ва шу куниëқ ўз уйига етиб келган. Бу ҳақда андижонлик ҳуқуқ фаоли Саиджаҳон Зайнобиддинов хабар қилди.

Эслатиб ўтамиз, асли касби ўқитувчилик бўлган Исроил Холдоров 2003 йилдан бошлаб “Эрк”нинг Андижон вилояти кенгашига раҳбарлик қилган. 2005 йил 13 май кунги Андижондаги қонли воқеаларга ойдинлик киритувчи маълумотларни жамоатчиликка ошкор этган. Хусусан, Бобур майдонида ўлдирилган фуқароларнинг Боғишамолда оммавий қабрга кўмилгани ҳақидаги гапни жамоатчилик Исроил Холдоровдан эшитган эди.

Андижон воқеаларидан сўнг мухолифат ва ҳуқуқ фаолларини қамоққа олишлар бошланиб кетгандан сўнг, айрим манбаларга кўра, Холдоров 2005 йил охирларида хориждан бошпана сўраш ниятида қўшни Қирғизистонга ўтган, аммо кўп ўтмай Андижонга қайтган. 2006 йилнинг 10 июлида яна Ўшда ғойиб бўлган.

Расмийларга кўра, 2006 йил 7 сентябрь куни Исроил Холдоров Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг Андижон вилояти бошқармасига ариза билан мурожаат қилиб, ўзини топширган. Норасмий манбаларга кўра, мухолифатчи 2006 йил 10 июль куни Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳридан ўғирлаб кетилган.

Сўнгра Андижон воқеалари иштирокчиси сифатида айбланган Исроил Холдоров 2007 йилнинг 19 февралида 6 йиллик қамоққа ҳукм қилинган. 2012 йилда “Эрк” фаоли Исроил Холдоровнинг жазо муддатига яна уч йил қўшиб берилган. 2015 йилнинг сентябр ойида эса Холдоровнинг жазо муддати яна 3,6 йил муддатга узайтирилган.

Исроилжон Холдоров озодликка чиқарилгани учун президент Шавкат Мирзиëев¸ қолаверса¸ халқаро ва маҳаллий ҳуқуқ фаолларига миннатдорчилик билдирган.

XS
SM
MD
LG