Ссылки доступа

Ўзбек-тожик чегарасидаги яна бешта НЎП ишлай бошлайди


Тожикистон ҳукумати Тошкентга ўзбек-тожик чегарасидаги яна бешта назорат –ўтказиш пунктини ишга туширишни таклиф қилди, деб Сўғд вилоятидаги Тожикистон божхона хизмати бошқарма бошлиғи Баҳром Исматуллаев журналистларга маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, мазкур йил бошидан чегарадаги НЎП ишларини янгилаш билан махсус комиссия шуғулланмоқда. Ҳукуматлар ўртасида имзоланган протоколга кўра, Тожикистон Конибодомдаги Равот, Истаравшондаги Уротеппа, Зафарободдаги ДЕУ-58, Заамин, Ашт туманидаги Навбунёд НЎП ларни очишни таклиф қилди.

“Ҳозирги вақтда Сўғд вилоятидаги божхона хизмати бошқармаси ҳукуматлараро қўшма комиссия ёрдамида мазкур НЎП ларга вақтинчалик вагонларни ўрнатмоқда. Келгусида фуқароларни назорат қилиш, шунингдек божхона, чегара, ветеринар ва фитосанитар назорат учун барча зарур шароитлар яратилади”, - деб хабар бермоқда чегара масалалари бўйича қўшма комиссия аъзоси ва божхона назорати вилоят бошқармаси бўлим бошлиғи Аҳмаджон Бобоев.

Эслатиб ўтамиз, 18-февралда Ўзбекистоннинг Самарқанд вилоятини Тожикистоннинг Сўғд вилояти билан боғловчи Саразм-Жартепа назорат ўтказиш пунктида халқ орасида “Каримов девори” номи билан машҳур бўлган девор бузилди. Деворни бузиш маросимида Ўзбекистон ва Тожикистон чегаравий делегациялари қатнашдилар.

Ўзбек –тожик чегарасида илгари 16 та ўтказиш пункти фаолият юритган, шундан 9 таси халқаро мақомга эга.

XS
SM
MD
LG