Ссылки доступа

Тожикистон банки омонатчиларга “кераксиз” мулк билан омонатларни тўлайди


«Агроинвестбанк»нинг Бохтар (Қўрғон-Тепа) шаҳридаги филиали ўз мижозларига омонатларни ходимлардан қолган мулклар - автомашиналар, оргтехника, сейфлар ва касса жиҳозлари билан қайтариш таклифини берди.

Шу тариқа банк жисмоний шахсларга бўлган қарзларини узмоқчи, дея маълум қилди «Агроинвестбанк» ваколатхонасининг раҳбари Лоиқ Қудратов.

«Агроинвестбанк» икки йилдан бери оғир молиявий ҳолатда турибди. Шу сабабли ҳам банк мижозлар олдидаги мажбуриятларни ўз вақтида ва тўла бажара олиш ҳолатида эмас. Ўтган йилнинг куз ойларида «Агроинвестбанк» ўз ходимларининг 75 фоизи билан хайрлашишга мажбур бўлди.

Хатлон вилоятидаги жамоат ташкилоти ходими Раҳмонали Давлатовнинг айтишича, банкда уларнинг 200 минг сомони маблағи сақланган. «Банк бизга 42 минг сомонига тенг “Нива” автомашинасини, шунингдек оргтехника таклиф қилишган. Ташкилотнинг банк ҳисобида камроқ маблағ бор, бунинг ҳисобига банк бизга мебель таклиф қилмоқда… Албатта, барча келишувлар томонларнинг ўзаро келишуви асосида ҳал қилинади», - дейди суҳбатдош.

Банкнинг бошқа бир мижози Фируз «Агроинвестбанк» филиали нақд пул ўрнига телевизор ва кир ювиш машинаси таклиф қилганини айтади. «Мен уларни сотиб, банкка қўйган пулларимни қайтаришни ўйлаяпман», - дейди Дўсти қишлоғида яшовчи ўқитувчи.

«Йил бошидан бери банк хизматининг 103 та маркази, бешта филиали ва битта амалиёт департаментининг фаолияти тўхтатилди, бунинг эвазига ҳаражатлар, жумладан коммунал хизматлар харажати кескин камайди», дейилади банк хабарида.

XS
SM
MD
LG