Ссылки доступа

Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукумат комиссиялари чегара масаласини муҳокама қилди


24 февраль куни Фарғона шаҳрида Ўзбекистон ва Тожикистон бош вазирлари иштирокидаги ҳукумат комиссиялари йиғилиши бўлиб ўтди.

Ташқи ишлар вазирлигининг хабар қилишича, Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ва Тожикистон Бош вазири Қоҳир Расулзодалар бошчилигида давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш бўйича ҳукумат комиссияларининг қўшма мажлиси бўлиб ўтган.

"Бўлиб ўтган учрашув доирасида Ўзбекистон-Тожикистон Давлат чегарасининг айрим қисмлари бўйлаб ўтадиган чегара чизиқлари лойиҳаси кўриб чиқилди. Қисқа муддат ичида Давлат чегарасини делимитация қилиш жараёнида сезиларли муваффақиятга эришилгани қайд этилди", - дейилади расмий xабарномада.

Тадбирда икки давлат ҳукуматлари аъзолари, вазирликлар, идоралар ва етакчи иқтисодий тузилмалар раҳбарлари иштирок этди. Очиқ, дўстона ва конструктив муҳитда ўтган самарали музокаралар давомида делегациялар раҳбарлари томонидан ҳамкорликнинг барча соҳаларидаги Ўзбекистон-Тожикистон муносабатларининг ҳозирги даражасига юқори баҳо берилди.

Шунингдек, президент Мирзиёевнинг Тожикистонга давлат ташрифи доирасида имзоланиши режалаштирилаётган икки томонлама ҳужжатлар, битимлар ва шартномаларни тайёрлаш ва келишиш каби олий даражадаги бўлажак тадбирларнинг ташкилий ва мазмунли жиҳатларига иштирокчилар эътибор қаратдилар.

XS
SM
MD
LG