Ссылки доступа

ОАВ: Москва яқинида уч нафар қозоғистонликнинг жасади фурадан топилди


Москва яқинидаги катта юк машинасидан уч нафар эркакнинг жасади топилди, дея хабар берди Россиянинг РБК медиакомпанияси. ИИВнинг Москва вилояти бошқармасига таянган ҳолда ОАВларнинг хабар қилишича, ҳалок бўлганлар Қозоғистон фуқаролари бўлган. Жасадлар Чехов туманидан топилгани маълум қилинди.

«Текширув олиб борилмоқда. Дастлабки маълумотларга кўра, ўлимга бахтсиз ҳодиса сабаб бўлган», — дейди ИИВ бошқармасининг навбатчиси. Ҳодиса тафсилотлари айтилмаяпти.

Манбаларга таяниб, «Интерфакс» агентлигининг маълум қилишича, ҳалок бўлганлар — 35–40 ёшларда бўлган, улардан бирининг шахси аниқланди. Агентлик суҳбатдошининг сўзларига кўра, фурадаги жасадлар яқинида газ иситкичи ва спиртли ичимликлар шишалари топилган.

Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги Москва яқинидан ўлик ҳолда топилган эркаклар ҳақидаги маълумотларни тўпламоқда, дея хабар беради Қозоғистондаги расмий «Казинформ» ахборот агентлиги.

«Ҳодиса ҳақида хабаримиз бор. Москвадаги қозоғистонлик дипломатлар маҳаллий тергов идоралари билан мунтазам алоқада бўлиб турибди. Тергов олиб борилмолқда, маълумотлар ҳозирча ошкор қилинмаган. Ҳалок бўлганларнинг фуқаролиги тўғрисида ҳам маълумотлар тасдиқланмаган», - дея Қозоғистон ТИВ матбуот хизмати агентликка маълум қилди.

XS
SM
MD
LG