Ссылки доступа

Аргентина "кокаини" Патрушев самолётида Москвага олиб келинди


Николай Патрушев

Россия Мистер К. лақаби остида Берлинда истиқомат қилувчи фуқарога нисбатан қидирув эълон қилди. У Аргентинадан Россияга – дипломатик почта орқали – 400 килограмм кокаин юборишга уринишда иштироки борликда гумон қилинмоқда. ​​

Россия дипломатлари иштирок этган гиёҳванд моддалар халқаро савдоси бўйича жиноий иш тўғрисида 22 февраль куни маълум қилинди. Тергов 2016 йилнинг декабрида бошланган эди, ўшанда Россиянинг Аргентинадаги элчиси Виктор Коронелли полиция ходимларига элчихона қошидаги мактаб ҳудудида дипломатик почта орқали жўнатилиши керак бўлган шубҳали 12 та халта топилганини маълум қилган эди, дея таъкидланади "Медиазона"да эълон қилинган мақолада.

Амалиётнинг кейинги тафсилотлари ҳақида Аргентина хавфсизлик вазири Патрисия Буллрич ўтказилган матбуот анжуманида батафсил маълумот берди. Коронелли халтада нималар борлигини текшириб кўришлари учун Аргентина агентларига мактабнинг ортки эшигининг калитини берди. Халталарда 389 килограмм кокаин борлиги аниқланди. Россияда унинг қиймати 50 миллион евро туриши мумкин.

Гиёҳванд моддалар солинган халталар бир соат давомида ун солинган халталарга алмаштирилиб қўйилди, юк кимга мўлжалланганлигини аниқлаш мақсадида халталарга GPS-жиҳозлари ўрнатилди. 2017 йил декабрида кокаин кўринишидаги ун дипломатик почта орқали Россияга олиб келинди.

Ўша ойда Россия Хавфсизлик Кенгаши котиби Николай Патрушев Аргентинага келганди, у Россия номидан президент Маурисио Макри инаугурациясида расман иштирок этди. Telegraph'нинг ёзишича, Патрушев аслида маҳфий миссияни бажарди – у ун солинган халталарни Россияга олиб келиш амалиёти билан шуғулланган. Telegraph бу маълумот манбасини эълон қилмаган. Ахборот ҳозирча расман тасдиқланмади.

Шундан сўнг олти киши, жумладан элчихонанинг собиқ ходими, шунингдек MORAL (Mecenas Ortodoxos Rusos En America Latin, Лотин Америкасидаги Рус православ меценатлари) жамғармаси раҳбарлари ҳибсга олинди.

Россия ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Мария Захарова жума, 23 февраль куни баёнот бериб, дипломатик почта орқали кокаин ёки ун юбориш аслида бўлмаганини айтди. Унинг таъкидлашича, кокаинни “техник таркиб ходимларидан” бири юборишга тайёрлаган. Унда дипломатик паспорт ва дипломатик почтадан фойдаланиш ҳуқуқи бўлмаган.

XS
SM
MD
LG