Ссылки доступа

Тожикистонда ҳалок бўлган қутқарувчининг қариндошлари унинг ўз жонига қасд қилганига ишонишмаяпти


Азизмад Юсупов

Кулоб шаҳар фавқулотда вазиятлар штаби бошлиғи Азизмад Юсуповнинг ота-оналари унинг ўз жонига қасд қилганига ишонишмаяпти, шу сабабли ҳам юз берган ҳодиса юзасидан жиддий тергов олиб борилишини талаб қилишмоқда.

Штаб бошлиғининг жасади 19 февраль куни кўп қаватли уйнинг ертўласидан топилган эди. Азизмад Юсуповнинг жияни Далержон Бобоевнинг сўзларига қараганда, унинг жасадини арқонга осилган ҳолда топишган. «Унинг оёғи ерга тегиб турарди. Пойафзалда жароҳат ёки ерда бошқа излар йўқ эди. Фақат бўйнида арқон бор эди, холос», - дейди жияни.

​ Азизмад Юсуповнинг отаси Солех Юсупов шундай дейди: «Прокуратурада менга, “ўғлингиз ўз жонига қасд қилди”, дейишди. Мен уларга, бунга ишонмаслигимни айтдим. Ертўла чуқур эмас, одамларнинг боши шифтига тегиб туради. Менинг фикримча, ўғлимни аввалига орқадан келиб бўғишган, сўнг ертўлага олиб тушиб, гўёки ўзини осганлигини саҳналаштиришган».

Азизмад Юсуповнинг хотини Мавзуна Бухориева ҳам эри ўз жонига қасд қилганига ишонмаслигини айтади, бироқ шу билан бирга, эри ўша куни ўзини ғалати тутганини маълум қилди. «Уйга кирди, қизимиз беланчакда эди. Шапкасини кийди, бир неча бор қизимизни ўпиб қўйди. Сўнг ўғлимизни ўпди. Кейин эса тунда ётиш учун жой тайёрлашимни сўради, сўнг кўчага чиқди … шундан сўнг қайтмади», - дейди аёл.​ Бир неча бор фахрий ёрлиқ ва ташкурномалар билан мукофотланган Фавқулотда вазиятлар Қўмитасининг собиқ капитани, отасининг сўзларига қараганда, хизматига садоқатли бўлиб, унинг устидан бирор марта ҳам шикоят бўлмаган.

Бироқ, мазкур иш бўйича тергов олиб бораётган Кулоб ҳуқуқ тартибот идоралари ходимининг айтишича, рафиқасининг қариндошлари билан жанжал туфайли Юсупов ўз жонига қасд қилган бўлиши мумкин экан. Судмедэкспертизанинг кўрсатишича, Юсуповнинг қонида алкогол борлиги аниқланган. Шу сабабли ҳам ўзини осиш туфайли жонига қасд қилган деган асосий версия илгари сурилмоқда.

Ўз жонига қасд қилиш иши бўйича, Кулобдаги ҳуқуқ тартибот идораларидаги манбанинг айтишича, «дастлабки текширувлар Юсупов рафиқасининг акаси билан жанжаллашганини исботламоқда. Бунинг натижасида Юсупов билан бўлган икки фуқоро жарохат олган. Шундан сўнг ўша тунда Юсупов маст бўлган ва ваннада ўз жонига қасд қилмоқчи бўлган. Азизмаднинг хотини эрининг ўз жонига қасд қилмоқчи бўлганини кўриб қолган ва бунинг олдини олган. Кейин эса эри билан жанжаллашиб қолган ва ота-онасининг уйига кетиб қолган. Азизмад эса уйда қолган ва иккинчи бор ўз жонига қасд қилишга уринган».

XS
SM
MD
LG