Ссылки доступа

Назарбоев: парламент ва ҳукумат фаолияти давлат тилида олиб борилиши керак


Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев 26 февраль куни Ахборот ва коммуникациялар вазири Даурен Абаев билан учрашар экан, унга “қозоқ тили мақомини юксалтириш масаласидаги ишларни давом эттиришни” топширди. Бу ҳақда Оқўрда сайти маълум қилди.

- Лотинга ўтиш жараёни халқимиз учун тарихан муҳимдир. Шу билан бирга қозоқ тили мақомини юксалтириш ишини давом эттириш керак. Парламент ва ҳукумат фаолияти давлат тилида олиб борилиши керак. Шунингдек, бу масалада фуқаролар ҳуқуқларини ҳам поймол қилиб бўлмайди. Бунинг учун синхрон таржима имкониятларидан фойдаланиш керак бўлади, - дея баёнот берди Назарбоев, шу билан бирга у ўтиш даврининг муддати ҳақида ҳеч нарса демади.

Икки йил муқаддам Назарбоев Олмаотани ривожлантиришга бағишланган мажлисда қўйидагича баёнот берган эди: «Менга келаётган маълумотларга қараганда, кимдир рус тилида мурожаат қилаётган бўлса, унга қозоқ тилида жавоб берилаётган экан. Ким бунга рухсат берди? Нима учун прокуратура Қозоғистон қонунлари бузилаётганини текширмаяпти? Агарда кимдир рус тилида мурожаат қилган бўлса, жавобни ҳам рус тилида олиши керак».

Ўшанда Назарбоевнинг матбуот котиби Абаев президентнинг сўзларига изоҳ берар экан, бу танқид “ҳукумат расмийлари қозоқ тилида жавоб беришга қурби етмай қолган тақдирдагина қўлланилиши” ҳақида баёнот берган эди.

Ўтган ҳафтада Қозоғистон расмийлари лотинга асосланган алифбонинг янги вариантини тасдиқлади, унга кўра, кирилча замонавий қозоқ алифбоси 2025 йилга қадар лотинга ўтказилиши кўзда тутилади.

XS
SM
MD
LG