Ссылки доступа

Тошкент прокуратураси Аҳмадбойдан “куйганлар”ни рўйхатга олишни бошлади (видео)


Ахмад Турсунбаев

Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди чинозлик “Аҳмадбой” номи билан танилган Аҳмад Турсунбоев устидан ҳукм чиқарган куниëқ Тошкент вилоят прокуратураси Турсунбоевга пул берганларнинг рўйхатини тузиб¸ улар билан биттама-битта суҳбат қилишни бошлади.

Маълум бўлишича¸ бу жараëн қатор туманлар¸ хусусан¸ Аҳмадбойга пул берганлар кўпчиликни ташкил қилган Чиноз ва Янгийўл туманларида бошланган. Тошкент вилоят прокуратурасининг ўнлаб терговчиси 21 февралдан Чинозда тумандаги Хизмат кўрсатиш иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи¸ Янгийўлда эса¸ Технология (эски номланиши озиқ-овқат) коллежи биносида махсус штаб очган.

​– Биринчи куни камида 3000 одам келди. Улар паспорт копиясини тақдим қилганидан кейин¸ терговчи билан учрашиш учун жетон тарқатилди. Жетонда фалон куни фалон соатда фалон хонага келасиз¸ деб ëзилган. Айтилган пайтда келганларни терговчилар қабул қилиб¸ уларнинг аризасини расмийлаштирмоқда. Бугун ҳам анча одам турипти. Ҳеч қаерда расмий эълон берилмаган бўлса ҳам¸ одамлар бир-биридан эшитиб келаяпти¸ - деди махсус штабнинг вакили.

Прокуратура начала составлять список пострадавших вкладчиков «Ахмадбая»
пожалуйста, подождите

No media source currently available

0:00 0:00:22 0:00

Расмий маълумотга кўра, тергови бораётган иш доирасида жуда кўп кўчмас мулк, моддий-товар бойликлар, шу жумладан, автомобиллар, шунингдек, 12 ярим миллион АҚШ доллари миқдоридаги пул хатлаб қўйилган. Қолаверса судда Турсунбоевга берган пулини қайтиб ололмаганларга тегишли тартибда судга мурожаат қилиш тавсия этилган.

Ўзбекистон Олий суди мулозими¸ Турсунбоевга пул берганлар иши билан судгача тергов органлари шуғулланаëтганини билдирди.

– Суд тергов тугагандан кейин ҳал қилади. Аҳмадбой Турсунбоев бошчилигидаги жиноий гуруҳ ҳаракатлари туфайли еткизилган моддий зарарни қоплаш масаласи кейинги жиноят ишларининг натижаларига қараб ҳал қилинади. Ҳозир тергов жараëни прокуратура органларида кетаяпти. Пул берганлар дастлаб тергов органларига расмий ариза билан мурожаат қилиши керак. Бу жараëн бошланди¸ қачон тугаши судга эмас¸ терговга боғлиқ¸ - деди Олий суд матбуот хизмати расмийси.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди 21 февраль куни Турсунбоевни 13 йиллик қамоққа ҳукм қилди. Бундан ташқари, Турсунбоев бир йил муддатга тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишдан маҳрум этилди ва энг кам иш ҳақининг 400 баравари — 52 млн 96 минг сўм (6300 АҚШ доллари) миқдорида жарима жазоси тайинланди.

XS
SM
MD
LG