Ссылки доступа

ҚР парламент аъзоси Дамирбек Асилбек уулунинг Қозоғистонда ушланиши (видео)


КТК телеканали контрабандада гумон қилинаётганларнинг, улар орасида ҚР парламенти депутати ҳам бор, қўлга олиниши билан боғлиқ лавҳаларни намойиш қилди.

Канал мухбири терговга таянган ҳолда депутатни «Хитойдан, божхона ва чегарачиларни четлаб ўтган ҳолда Қозоғистон ва Россияга контрабанда маҳсулотларини олиб кириш билан шуғулланувчи трансмиллий жиноий гуруҳнинг бошлиғи”, дея таърифлади.

Лавҳада таъкидланишича, қирғизистонлик сиёсатчини Олмаотадаги ресторанда қўлга олишган, у ерда депутат Бишкекдан келган дўсти, бизнесмен Уланбек Мурадилов билан бирга эди. Улар билан бир столда қозоғистонлик чегарачи Емилбек Кочарбаев ўтирган эди.

«Яширин камерада ёзиб олинган суҳбатдан маълум бўлишича, улар Хитойдан контрабанда юкларини олиб келинишни муҳокама қилишган, улар аниқ билишган – бу иш билан анчадан бери шуғулланиб келишган, шу билан бирга юқори лавозимли амалдорлар билан катта миқдорда маблағ тўплашган, Дамирбек Асилбек уулу Қоозоғистон чегарасидаги муваффақиятлари билан мақтаниб келган. У маҳаллий чегарачилар билан келишган ҳолда, йўлак орқали нима хоҳласа шуни олиб ўтган», - дея ҳикоя қилади мухбир.

КТК маълумотларига кўра, жиноят олами вакилларининг ўтиш назорат пунктларида ўз одамлари бўлган. Улар тадбиркор-импортчиларга ёрдам бериб келган. Мабодо тадбиркорлар тўловдан бўйин товлайдиган бўлса, у ҳолда уларнинг юклари чегарада туриб қоларди ва, ҳатто йўқолиб қоларди.

«Ҳаромдан топилган пулларга данғилама иморатлар қурилган, машиналар сотиб олинган. Кимдир қимматбаҳо отлар учун отхона ҳам қуришга улгурди. Қўлга олинганлардан қирғизистонлик парламентарий Дамирбек Асилбек уулу яхши яшагани ойдинлашди, иш бўйича материалларга кўра, у Қозоғистон ва Қирғизистон божхона, чегарачи, брокер ва оддий ишсизлардан иборат контрабанда тузилмасига раҳбарлик қилган», -дея хабар беради телеканал.

«Нима учун Асилбек уулуга қўш фуқаролик керак бўлганини терговчитлар ойдинлаштиради. Ҳибсга олиш вақтида унинг сумкасидан 92 минг доллар чиқди. Бу пулларни у тадбиркорлардан контрабанда йўли билан маҳсулотларни олиб киришга ёрдам бергани учун олган эди, бу МХҚга халқаро босқинчилар тўдасини фош қилишга ёрдам берди», - дейилади лавҳада.

15 ва 16 февраль кунлари Қозоғистонда контрабандага барҳам бериш мақсадида ўтказилган махсус амалиёт вақтида 29 киши ушланди. Кейинчалик маълум бўлишича, ҳибсга олинганлар орасида Қирғизистоннинг уч нафар фуқароси, жумладан депутат Дамирбек Асилбек уулу ҳам бор эди. Кейинроқ, Қозоғистон ТИВ депутат Қозоғистон фуқароси ҳам эканлигини маълум қилди, ОАВ эса ҚР ИИВга таяниб депутатнинг қозоқ миллатига мансуб эканлигини ёзди.

XS
SM
MD
LG