Ссылки доступа

Ўзбек эстрада юлдузлари Мирзиёевнинг ташрифи давомида Душанбеда чиқиш қилади


Фаррух Закиров

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга илк давлат ташрифи давомида Душанбеда Тожикистон ва Ўзбекистон санъат усталарининг “Дўстлик оқшоми” номи остида қўшма концерти бўлиб ўтади. Ўзбек президентининг ташрифи март ойининг биринчи ўн кунлигига белгиланган.

«Ялла» ВИА раҳбари Фаррух Зокировнинг хабар беришича, санъат усталарининг концертида иштирок этиш учун таниқли ижрочилар - Юлдуз Усманова, Шерали Жўраев ва Озодбек Назарбековлар ҳам таклиф қилинган.

- Бу ажойиб ташаббус. Халқларимиз қадим-қадимдан дўст бўлиб келган, урф-одатларимиз, маданиятимиз муштарак. Сўнгги йилларда ҳар икки мамлакат ҳукуматлари муносабатларни яхшилаш масаласида кўплаб музокаралар олиб боришди. Масалан, 24 февраль куни Ўзбекистон ва Тожикистон бош вазирлари Фарғонада узоқ ва жуда ҳам фойдали музокаралар олиб боришди. Президентимиз қўшниларимиз билан муносабатларни яхшилашимиз керак, деб айтиб келади, - дейди Фаррух Зокиров.

Хонанданинг айтишича, президентнинг ташрифига тайёргарлик ҳукуматга, жумладан Ўзбекистон ТИВ ва маданият вазирлигига юклатилган. Барча ишлар шахсан давлат раҳбари назоратида олиб борилмоқда. "Биз, артистлар, мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларнинг яхшиланишига ўз ҳиссамизни қўшаётганимиздан хурсандмиз. Чунки артистлар тинчлик элчиларидир. Мен Душанбени жуда ҳам соғинган эдим. Бу жуда ҳам гўзал шаҳар. Мен тожикистонлик ижрочилар билан қўйган қўшма концертларимизни яхши эслайман", - дейди Зокиров.

Эслатиб ўтамиз, Тожикистон раҳбари Эмомали Раҳмон 2000 йилнинг июнида ўзбек хонандалари Фаррух Зокиров ва Мардон Мавлоновга “Тожикистон халқ артисти” фахрий унвонини берган эди. Президент фармони Ўзбекистон биринчи президенти Ислом Каримовнинг Тожикистонга расмий ташрифи доирасида икки мамлакат санъат усталарининг қўшма концертидан сўнг имзоланган эди.

XS
SM
MD
LG