Ссылки доступа

Мирзиëев “ўғри” деб атаган Каримов маслаҳатчиси ҳибсга олинди


Тошкент вилоятининг собиқ прокурори, адлия катта маслаҳатчиси Жамшид Файзиев 23 февралдан 24 февралга ўтар оқшоми Шайхонтохур туманидаги ҳовлисидан прокуратуранинг махсус гуруҳи тарафидан қўлига кишан¸ бошига эса қоп кийгизилиб олиб кетилган.

Ўзбекистон Бош прокуратурасида ишлайдиган мулозимнинг исми айтилмаслиги шарти билан 26 февраль куни айтишича¸ Файзиев устидан собиқ Бош прокурор Қодиров кўрсатмасига биноан жиноий иш қўзғатилган. Унинг айтишича¸ Жамшид Файзиев Жиноят Кодексининг "Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш" (205-модда) ва "Пора олиш" (210-модда) моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этишда гумон қилинмоқда.

Жамшид Файзиев¸ Тошкент расмийларига кўра¸ 22 февраль куни ҳибсга олинган собиқ Бош прокурор Қодиров иши доирасида ушланган.

Жамшид Файзиев 2017 йил 2 августидаги видеоселектор пайтида Ўзбекистон президенти тарафидан “биринчи ўғри” дея тамғаланганидан кейин Тошкент вилояти прокурори лавозимидан озод қилинган эди.

Ўзбекистон куч ишлатар тизимларидан бирида ишлайдиган мулозимга кўра¸ ишдан олинганидан кейин Файзиев Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманидаги ҳовлисида назорат остида яшаб келган.

Жамшид Файзиев 2013 йилда Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг давлат маслаҳатчиси қилиб тайинланган эди. Жамшид Файзиев куч-ишлатар тизимлар ишини мувофиқлаштириш бўйича Каримовга маслаҳат бериш мақомида ишлаган. 2013 йили Файзиев Ўзбекистон президенти давлат маслаҳатчиси лавозимида бор-йўғи 9 ой ишлаганидан кейин ишдан олиниб¸ Ўзбекистон Бош прокурори ўринбосари этиб тайинланган. Шавкат Мирзиëев ҳокимиятга келганидан сўнг Файзиев Тошкент вилоят прокурори лавозмига туширилган эди.

Айни пайтда Озодлик “собиқ Бош прокурор иши” доирасида ҳибсга олинганлар ҳақида маълумотларни йиғмоқда.

XS
SM
MD
LG