Ссылки доступа

Туркманистон шимолида номаълум вирус туфайли паррандалар нобуд бўлмоқда


Дашўғуздан келаётган хабарларга қараганда, маҳаллий хўжаликларда номаълум вирус туфайли паррандалар нобуд бўлмоқда. “Озодлик”нинг Туркманистон шимолий минтақасидаги манбаларининг хабар қилишича, Болдумсаз ва Гурбансолтан туманларида ўнлаб товуқлар нобуд бўлган.

"Нобуд бўлган товуқлар гўштининг ранги кўмирга ўхшаб қорайиб қолади. Битта парранда нобуд бўлиши билан, қишлоқдаги бошқа паррандалар ҳам бирин-кетин нобуд бўла бошлади", - дейди “Озодлик”нинг Болдумсаздаги манбаси. Унинг сўзларига қараганда, маҳаллий ветеринарлар томонидан касалликка қарши қўлланилаётган препаратлар фойда бермаяпти.

Бундан ташқари, минтақа аҳолиси ҳайвонлар ҳам куйдиргидан нобуд бўлаётгани билан боғлиқ ҳодисани айтишмоқда. Вируснинг тарқалаётгани, ҳайвон ва паррандаларнинг нобуд бўлаётгани Дашғўғуз расмийлари томонидан маълум қилинмади.

Сўнгги йилларда Туркманистонда бир неча бор уй ҳайвонлари ва паррандалар номаълум вирусдан нобуд бўлаётгани ҳақида хабар берилган эди. Ўтган йилнинг декабрь ойида Дашўғуз вилоятининг бир нечта туманида, жумладан Рухубелент ва Сапармират Туркменбаши туманларида ўнлаб бош уй ҳайвонлари номаъум инфекция туфайли нобуд бўлди.

Шу билан бирга расмий матбуот иқтисодий ютуқлар, жумладан чорвачилик соҳасида қўлга киритилган муваффақиятлар ҳақида хабар беришда давом этмоқда.

XS
SM
MD
LG