Ссылки доступа

Ўзбекистон мева-савбзавотлар экспортини икки баробар оширади


Ўзбекистон бу йил мева-савбзавот маҳсулотлари экспортини икки баробар оширади, дея хабар беради маҳаллий ОАВ.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган экспортни ошириш ва импортни қисқартириш бўйича қўйилган вазифалар ижроси, бу борада тармоқлар ва ҳудудлардаги ишлар ҳолати таҳлилига бағишланган видеоселекторда мана шу вазифа қўйилди.

Ўтган йили республика хорижга 700 миллион доллардан ортиқ мева-сабзавот маҳсулотларини жўнатди, бу ўз навбатида бир йил аввалги кўрсаткичдан 15,6% кўпдир. Ўзбекистон бу йил экспортни 1,4 миллиард долларга чиқаришни режалаштирмоқда.

Бунинг учун ҳудудларда август пиёзи, саримсоқ пиёз, тўқсонбости экинлар ҳосилини ўз вақтида ва тўлиқ йиғиб олиш, уларни хорижга сотишни ташкил этиш зарур. Президентнинг фикрича, мева-сабзавотчиликка ихтисослашган ҳудудларнинг салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш, пахта ва ғалладан бўшайдиган қўшимча 150 минг гектар ерга сердаромад экинлар экиш, йирик экспортчи ташкилотларга қўшимча экин майдонлари ажратиш, замонавий иссиқхоналар, музлаткичли омборхоналар ва қайта ишлаш корхоналарини ташкил этиш керак.

Бундан ташқари президент томонидан товарларни сақлаш, экспортга тайёрлаш ва ташиш бўйича комплекс хизматлар кўрсатувчи замонавий логистика марказлари ташкил этиш бўйича аниқ “йўл хариталари”ни тасдиқлаш зарурлиги қайд этилди.

XS
SM
MD
LG