Ссылки доступа

Афғонистон президентининг “Толибон” бўйича ташаббуси совуқ кутиб олинди


Хабарларга қараганда, афғон толиблари Афғонистон президенти Ашраф Ғанининг “Толибон”ни сиёсий ташкилот дея тан олиш ва тинчлик борасидаги таклифини назар-писанд қилинмай кутиб олишди. Маълумки, 20дан ортиқ мамлакат вакиллари тинчликни қўллаб-қувватилашга қаратилган мазкур режани қўллаб-қувватлашларини билдиришган эди.

Президент Ғани бу таклифни 28 февраль куни Қобул жараёни деб номланган конференция давомида илгари сурди. Ғани қамоқдаги толибларни озод қилиш, санкцияларни бекор қилиш ва “Толибон”ни сиёсий ташкилот сифатида тан олиш кераклиги борасида таклиф билан чиқди.

Бир кунлик конференция якунида унинг иштирокчилари қўшма баёнот қабул қилдилар ва толибларни “зўравонликларга тезлик билан чек қўйиб”, Афғонистон бошчилигидаги тинчлик саъй-ҳаракатларига қўшилишга, ўз мақсадларига етишиш йўлида Қобул хукумати билан музокаралар ўтказишга чақиришди.

«Тинчлик шартномаси барча иштирокчилар учун ғалаба бўлади ва бирор бир томонинг мағлубиятини англатмайди», — дейилади баёнотда. БМТнинг Афғонистондаги Миссияси Ғанининг таклифини қўллаб-қувватлади ва “афғонлараро мулоқот орқали тинчликка эришиш ғоясини қўллаб-қувватлаши” борасида баёнот берди.

Бу анжуманга “Толибон” вакиллари таклиф қилинмагани учун ҳам улар тезлик билан бу ташаббусга муносабат билдира олишмади. Бироқ, “Толибон”нинг ўз номини ошкор қилишни истамаган вакили Reuters ахборот агентлигига, “Толибон” олий раҳбарияти бу таклифни ўрганаётганини айтди.

Кўп ўтмай 28 февраль куни DPA янгиликлар агентлиги “Толибон” сайтларидан бирида баёнот тарқатилганини, унда бу таклиф совуқонлик билан қабул қилингани борасида маълум қилди. Бу баёнотда, мамлакатда хорижий қуролли кучлар мавжуд бўлиб турар экан, музокаралар самарали бўлмаслиги таъкидланади.

XS
SM
MD
LG