Ссылки доступа

Дариға Назарбоева: «Рус тилини ҳеч ким бекор қилмаган»


Қозоғистон парламенти сенатининг халқаро муносабатлар, мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси раиси Дариға Назарбоева Миллий банк раиси Данияр Акишевга қаратилган депутатлик сўровини рус тилида ўқиб берди ва рус тили учун ташвишга тушмаслик кераклигига ишонтирди.

«Рус тилини ҳеч ким бекор қилмади, мен ўзимга қулай бўлгани учун [депутатлик сўровини] рус тилида қилдим», — деди Дариға Назарбоева журналистларнинг саволига жавоб берар экан.

Дариға Назарбоеванинг мазкур баёноти рус тили даражаси пастга туширилаётгани борасида фуқароларнинг ташвишга тушаётганига юқори лавозимли амалдорнинг жавоб бўлди. Маълумки, куни кеча Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев “қонун бўйича давлат тили бўлмиш қозоқ тилининг мақомини юксалтириш бўйича” ишларни давом эттириш лозимлиги борасида баёнот берган эди.

«Биз ҳаммамиз президент [Назарбоев]нинг топшириғини бажаришга интилаяпмиз. Ҳозирча ҳеч ким рус тилини бекор қилгани йўқ, бу бўлмаган гап, рус тилини ҳеч ким бекор қилмайди», — деди Дариға Назарбоева.

«Лотинга ўтиш жараёни халқимиз учун тарихан муҳимдир. Шу билан бирга қозоқ тили мақомини юксалтириш ишини давом эттириш керак. Парламент ва ҳукумат фаолияти давлат тилида олиб борилиши керак. Шунингдек, бу масалада фуқаролар ҳуқуқларини ҳам поймол қилиб бўлмайди. Бунинг учун синхрон таржима имкониятларидан фойдаланиш керак бўлади, - дея баёнот берди Назарбоев Ахборот ва коммуникациялар вазири Даурен Абаев билан бўлиб ўтган учрашувда. Бу хабар Қозоғистон президенти маъмурияти сайтида 26 февраль куни эълон қилинди.

Қозоғистон Ахборот ва коммуникациялар вазири Даурен Абаев Остонада 27 феврал куни журналистларга баёнот бериб, ҳукумат ва парламент мажлислари қозоқ тилида олиб борилишида, унинг таъбири билан айтганда,”эсанкирашлар бўлмайди” деди.

«Менинг тушунишимча, давлат раҳбари хукумат ва парламент мажлислари давлат тилида олиб борилишига ўтиш кераклигини таъкидлади, — Абаевнинг мана шу сўзларини “Казинформ” расмий ахборот агентлиги келтиради. — Ўйлайманки, бу давлат тилини билиш доирасидан келиб чиқади. Биз ҳукумат ва парламентда давлат тилига ўтишимиз керак. Бироқ “фақат” деган сўз айтилмади». «Агар ҳукумат аъзоси ўз фикрини рус тилида ифода этиши осон бўлса, у шу тилда гапириши мумкин», — дейди Абаев.

XS
SM
MD
LG