Ссылки доступа

Ўзбекистонда эшакни сўяётганлар гуруҳи ушланди


Наманган вилоятининг Уйчи туманидаги Соку қишлоғига йигирмата эшакни келтириб, сўйишни бошлаган бир гуруҳ шахс қўлга олинди. Соку қишлоғида яшовчи тадбиркорга қарашли молхонада бўлган бу воқеа гувоҳларининг айтишича, эшакларнинг тунда ҳанграётганидан безовта бўлган аҳоли милицияга хабар берган.

Уйчи туманининг Соку қишлоғида яшайдиган тадбиркор Одилбой Назаровнинг дала молхонасида 26 февраль куни тунда кечаси бошланган "эшак қирғини" ҳақида воқеа гувоҳларидан бири хабар берди.

– Бизнинг қишлоқда ҳеч ким эшак тутмайди. Одилбойнинг Соку қишлоғи этагида янги қурган молхонасидан кечаси эшакларнинг ҳанграшидан одамлар безовта бўлди. Кимдир участка инспекторига хабар берган. Участковой бориб қараса, учта эшак сўйилиб, териси шилиб олинган экан, - дейди сокуликлардан бири.

Уйчи тумани Ички ишлар бўлимининг навбатчиси шундай воқеа бўлганини инкор этмади, лекин бу ҳақда телефон орқали маълумот бера олмаслигини айтди. Воқеага бевосита гувоҳ бўлган маҳаллий ҳокимият вакили молхонада учта эшакнинг териси шилиб олинганини бевосита кўрганини айтади.

​– Мен милиция ходимларининг таклифи билан ўша ерга бордим. Бу ўша воқеанинг эртаси куни эди. Ҳақиқатан ҳам учта сўйилган эшакнинг териси шилиб олинганини кўрдим. Эшак сўйганларни аллақачон милицияга олиб кетишган экан. Улар Уйчи туманининг Бирлашган деган қишлоғидан экан. Айтишларича, бу болалар аввал ҳам адирларда эшак сўйиб юришган, экан. Кейин милиция ходимлари ўша териси шилинган эшакларни юклаб олиб кетишди. Олиб бориб, дезинфекция қилиб, қанақадир ямага кўмиб ташлаймиз, дейишди, - деди мулозим.

Эшаклар сўйилган молхона эгаси, тадбиркор Одилбой Назаров ўз молхонасини Бек исмли танишига эшак сақлаш учун ижарага берганини эътироф этди. "Менинг фермам бўш эди, Бек деган танишим ака, эшакларни ўша ерга қўйиб турай, деди. Майли, дедим. Кейин милиция ходимлари мени чақириб, шунақа воқеа бўлди, деди. Менинг бундан хабарим йўқ, дедим. У бола эшакларни сўймаган, ҳаром ўлган учта эшакнинг терисини шилиб олган экан. Териси ҳайф бўлмасин, деганми, энди, билмадим. Мен ўзимни оқламоқчи эмасман, мен унинг бундай қилишини билганимда¸ қўймаган бўлардим", - деди Одилбой Назаров.

XS
SM
MD
LG