Ссылки доступа

Тошкентда собиқ прокурор Мирағлам Мирзаев ва оиласи қўлга олинди


Ички ишлар мутасаддиларидан келган маълумотга кўра, Тошкент шаҳар прокурорининг коррупция ва иқтисодий жиноятлар бўйича собиқ ўринбосари, адлия катта маслаҳатчиси 68 яшар Мирағлам Мирзаев (лақаби Антибиотик) устидан жиноий иш очилган.

ИИВ мулозимларидан бирининг билдиришича¸ Мирзаев устидан очилган жиноий иш доирасида МХХнинг Тошкент шаҳар бошқармаси ҳузуридаги Терроризм ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлинмаси собиқ бошлиғи¸ 42 яшар Абдурашид Мирзаев (Мирағлам Мирзаевнинг ўғли)¸ Тошкентдаги “Юнусобод адвокатлар коллегияси” раҳбари Муҳаббат Ҳасанова ( лақаби Кардинал - Мирағлам Мирзаевнинг хотини) ҳибсга олинган.

Мирағлам Мирзаевнинг қўшниси бир вақтлар қудратли бўлган прокурорнинг уйидан 23 февраль куни қора ниқоблилар бошига ëпинчиқ ташланган бир неча одамнинг олиб кетилганига шахсан ўзи гувоҳ бўлганини билдирди.

ИИВ мулозимининг билдиришича¸ Мирағлам Мирзаев ва хотини Муҳаббат Ҳасанова 22 февраль куни ҳибсга олинган собиқ Бош прокурор Рашиджон Қодиров устидан олиб борилаëтган тергов амалиëтлари доирасида ушланган.

Қодиров иши доирасида айни 23 февраль куни Бош прокурорнинг собиқ ўринбосари¸ 45 яшар адлия полковниги Улуғбек Суннатов¸ президент Каримовнинг давлат маслаҳатчиси¸ Тошкент вилоятининг собиқ прокурори, адлия катта маслаҳатчиси Жамшид Файзиев каби бир неча собиқ мулозим ҳам қўлга олинган ва терговга тортилган.

Прокуратура тизимини бошқарувчи “ўзгармас ва қудратли” шахс сифатида ном чиқарган Мирағлам Мирзаев президент Шавкат Мирзиëев 2017 йилнинг 9 февраль кунги селектор йиғилишида ИИВ ва прокуратура тизимларини танқид қилганидан бир неча кун ўтиб ишдан олинган эди.

XS
SM
MD
LG