Ссылки доступа

ИД “жанг вазири”нинг укаси Тожикистон Адлия вазирлигидаги лавозимини тарк этди


Гулмурод Халимов

Тожикистон Адлия вазирлиги Тожикистон ИИВ ОМОНи собиқ қўмондони ва “Ислом Давлати”(ИД) террор гуруҳининг “жанг вазири” Гулмурод Ҳалимовнинг укаси подполковник Саидмурод Ҳалимов муассасанинг Жазони ижро этиш бошқармасидаги лавозимидан истеъфога чиққанлигини тасдиқлади.

Манбанинг айтишича, Хатлон вилоят суди Гулмурод Ҳалимовнинг уч нафар қариндошини ёллаш, давлат чегарасидан ноқонуний ўтишга уриниш ва милиция ходимларига қаршилик кўрсатиш айблари билан узоқ муддатга хукм қилганидан сўнг подполковник Саидмурод Ҳалимов ЖИБни ўтган йилнинг охирларда тарк этган.

Адлия вазирлигининг маълум қилишича, Саидмурод Ҳалимов истеъфога чиқиш борасидаги биринчи аризани 2015 йилда ёзган эди. Ўшанда Гулмурод Ҳалимов Сурияда ИД сафларида экани ҳақида маълум қилган эди. Саидмурод Ҳалимовнинг аризаси рад қилинган эди. ЖИБ бир неча бор Саидмурод Ҳалимовга тўла ишонишларини айтишган. ​

Манбанинг сўзларига қараганда, Саидмурод Ҳалимов Адлия вазирлигига қарашли ЖИБда бундан кейин нафақат қонун бўйича, балки маънавий жиҳатдан ҳам ишлай олмаслигини ҳис қилган. «Бир нечта яқин қариндоши қамоқхонда бўлар экан, у қандай қилиб бу тизимда ишлай оларди», дейди манба.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг октябрь ойида Хатлон вилоят суди Комил Ҳалимов, Назир Ҳалимов ва Али Ҳалимовни 7 йилдан 18 йилгача қамоққа ҳукм қилган эди. Қочқиндаги полковникнинг укалари - Комил Ҳалимов ва Назир Ҳалимов, шунингдек унинг жияни Али Ҳалимов (Султонмурод Ҳалимовнинг жияни) 5 июль тунда Восей тумани Ибрати қишлоғида ТР ИИВ ходимлари томонидан ўтказилган махсус амалиёт мобайнида ҳибсга олинган эди.

Тожикистон махсус хизмати маълумотларига кўра, Гулмурод Ҳалимовнинг қариндошлари Чубек қишлоғи орқали тожик-афғон чегарасидан ўтмоқчи бўлишган. Пянж дарёсининг нариги соҳилида уларни ИД жангарилари кутиб турарди. Хабарларга кўра, Ҳалимовларнинг қўшниси ва узоқ қариндоши бўлмиш Наим Раҳмонов Афғонистондаги ИД жангариларидан бири орқали Гулмурод Ҳалимов билан мунтазам алоқа ўрнатиб келган.

ИД Ироқ ва Сурияда тор-мор келтирилганидан кейин қочқиндаги полковникнинг тақдири маълум эмас. 2017 йилнинг сентябрида РФ мудофаа вазирлиги Гулмурод Ҳалимов Россия авиацияси Суриянинг Дейр-эз-Зора шаҳрига зарба берганида йўқ қилингани ҳақида баёнот берди. Эслатиб ўтамиз, 2016 йилнинг ёзида Гулмурод Ҳалимов ИДнинг “жанг вазири” этиб тайинланган эди.

XS
SM
MD
LG