Ссылки доступа

Лола Каримова-Тиллаева гимнастика федерацияси президентлигидан ҳам кетди


ЮНЕСКОдаги Ўзбекистон элчиси лавозимини бир ой аввал топширган собиқ президент Ислом Каримовнинг кичик қизи Лола Каримова-Тиллаева 5 март куни Ўзбекистон гимнастика федерацияси президенти лавозимини ҳам тарк этишга мажбур бўлганини билдирди.

Лола Каримова-Тиллаева Instagram’даги саҳифасида: “... ушбу пост орқали, мана 13 йиллик фаолиятимдан сўнг Ўзбекистон гимнастика федерацияси Президентлиги лавозимини тарк этишга мажбур эканлигимни эълон қилмоқчиман. Мен барча спортчиларимиз, федерациянинг бутун мураббийлар жамоаси ҳамда барча ишчи ходимларига аъло бажарилган фаолиятлари, ушбу спорт турини юқори даражага кўтаришдаги ҳиссалари, унинг ривожланиш йўлида тинимсиз меҳнатлари ҳамда ғайратлари учун чин дилимдан ташаккур билдирмоқчиман”, деб ёзган.

Маълумотда айтилишича, Лола Каримова-Тиллаева Осиё гимнастика иттифоқининг фахрий президенти лавозимини сақлаб қолмоқда. У гимнастика федерацияси раҳбари лавозимидан кетишга мажбур қилган сабаблар ҳақида билдирмади.

Лола Каримова-Тиллаева шу йилнинг 2 февраль куни ўзининг Facebook саҳифасида Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги элчиси лавозимидан кетганини билдирган эди. У бу лавозимни 2008 йилдан бери эгаллаб келаётганди.

Лола Каримова-Тиллаева 2017 йилнинг август ойида Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги элчиси лавозимни тарк этиши ҳақида биринчи марта билдирган эди. Ўшанда 39 яшар Каримова-Тиллаева бундан сўнг асосий вақтини отаси номи берилган хайрия ташкилоти фаолиятига ëрдам беришга сарфлашини айтган. Лола Каримова-Тиллаева ҳозирда «Sen Yolg’iz Emassan» республика жамоатчилик жамғармасининг васийлар кенгаши раиси ва Осиё гимнастика иттифоқининг фахрий президенти мақомини сақлаб қолмоқда.

XS
SM
MD
LG