Ссылки доступа

Туркманистон айрим товарлар учун божхона тўловларини бекор қилади


Мамлакатда паррандачилик тармоғини ривожлантириш доирасида 2 март куни Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов фармойиш имзолади, унга кўра мамлакатга олиб кириладиган айрим товарлар божхона тўловларидан озод қилинади, дея хабар берди маҳаллий ОАВ.

Нашрларнинг маълум қилишларича, мазкур қарор давлат раҳбари томонидан “мамлакатда импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотларни ишлаб чиқарувчиларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида” қабул қилинди. Хабарларга кўра, 9 февраль куни “мамлакат ички бозорини товуқ гўшти ва тухум билан таъминлаш, ортиқчасини хорижга экспорт қилишга имкон берувчи паррандачилик мажмуаларни яратиш” билан боғлиқ масала кўтариб чиқилган.

Декабрь ойи ўрталарида Туркманистон аҳолиси товуқ тухуми нархи кўтарилиши билан боғлиқ муаммога тўқнаш келди. Бир ҳафта мобайнида пойтахт бозорларида тухум бирданига 80-100%га кўтарилиб кетди.

Март ойи бошларида мамлакатнинг айрим минтақаларида уй паррандалари номаълум вирусдан нобуд бўлаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. “Озодлик” манбаларининг хабар беришича, Туркманистон шимолий минтақаларида, жумладан Дашўғиз вилоятининг Болдумсаз ва Гурбансолтан туманларида ўнлаб товуқлар нобуд бўлди.

Ўтган йилнинг охирларида Туркманистон аҳолиси, айниқса қишлоқ аҳли озиқ-овқат нархларининг кўтарилиши ва ун тақчиллиги билан тўқнаш келди.

XS
SM
MD
LG