Ссылки доступа

Атамбаев вакиллари Текебаев адвокатларининг мол-мулки сотувга қўйилишига интилмоқда


Хабарларга қараганда, Қирғизистон собиқ президенти Алмазбек Атамбаевнинг вакиллари, мухолифатдаги «Ата Мекен» партиясининг етакчиси Омурбек Текебаев адвокатларининг мулкини сотишга эришишга уринишмоқда.

«Ата Мекен» партиясининг юристи Қанатбек Азизнинг журналистларга айтишича, Атамбаевнинг вакиллари судга мурожаат қилиб юрист Таалайгул Тоқтакунованинг уйини сотувга қўйилишини сўрашган. «Менинг ҳеч қандай мулким йўқ, шу сабабли сотувга ҳеч нарсани қўя олмайман. Таалайгул Тоқтакунова билан декабрдан бери маош олмаяпмиз. Октябрь туман суди банкдаги ҳисобимизни музлатиб қўйди, шу сабабли маош тўлашмаяпти. Биз охиригача Атамбаев ўз фикрини ўзгартиришини кутдик», — дейди Азиз.

2017 йилнинг март ойида юристлар Таалайгул Тоқтакунова ва Қанатбек Азиз матбуот анжумани ўтказиб, ўша вақтдаги Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев Бишкек яқинида ҳалокатга учраган Boeing 747 самолёти бортида бўлган юкка алоқаси борлиги ҳақида баёнот беришган эди.

Кейинроқ Қирғизистон бош прокуратураси “давлат раҳбари шаъни ва обрўсини ҳимоя қилиш мақсадида” юристларга нисбатан даъво аризасини берди. Туман, кейиноқ Бишкек шаҳар суди ва Олий суди прокуратуранинг даъвосини қаноатлантирди, ҳар бир жавобгар 10 миллион сом тўлаши кераклиги, шунингдек аввал эълон қилган маълумотлари юзасидан раддия берилиши борасида ҳукм чиқарди. Бундан ташқари, Тоқтакунованинг мол-мулки ҳатланди.

Юристлар чиқарилган ҳукмдан норози эканликларни айтишмоқда.

XS
SM
MD
LG