Ссылки доступа

Журналист Бобомурод Абдуллаев устидан суд яна қолдирилди


Ўзбекистон конституциявий тузумини ағдаришга уринишда айбланиб ҳисбга олинган журналистлар Бобомурод Абдуллаев ва Ҳаёт Насреддинов ҳамда икки тадбиркор устидан маҳкама 7 март куни бошланар-бошланмас яна қолдирилди.

Судни кузатган журналист Малоҳат Эшонқулованинг айтишича, судланувчиларнинг қариндошлари, хориж давлатлар элчихоналари, маҳаллий ва хорижий журналистлар ҳамда инсон ҳуқуқлари фаолларидан иборат 60 га яқин одам маҳкама залига киритилган.

Бобомурод Абдуллаевнинг адвокати Сергей Майоров ўз мижози тергов пайти қийноққа солингани, кўрсатмалар қийноқлар билан олинганини суд ҳайъатига маълум қилган ва судья Зуфар Нурматовна буни текшириш учун илтимоснома киритган. Суд тиббий экспертиза ўтказишни тайинлаган ва экспертиза натижалари тайëр бўлгунга қадар суд бўлмаслигини маълум қилган.

Суд арафасида Бобомурод Абдуллаев билан учрашган адвокат Сергей Майоров журналистнинг ҳибсга олинган 27 сентябрдан то 5 ноябрга қадар тинимсиз қийноққа тутилганини билдирди.

Майоровга кўра, Бобомурод ўзига нисбатан нафақат жисмоний¸ балки руҳий қийноқ усуллари ҳам қўлланилганини айтган. "Улар Бобомуроднинг Россияда ўқиётган қизини зўрлашни ва Тошкентда яшаётган бошқа болаларини ўлдириб, хотинини ҳам қамоққа тиқишларини айтишган. 5 ноябрь куни у терговчилар талаб қилган барча “иқрор”ларга қўл қўйган. Шундан кейин уни қийнашни тўхтатишган, дейди адвокат", дейди Майоров. Майоровга кўра, Бобомурод Абдуллаев терговчилар кимлиги ҳақида ҳеч нарса айтмаган ва уни калтаклаш учун тергов хонасига бегона кишилар келтирилганини айтган.

Бобомурод Абдуллаев адвокати билан 6 март кунги учрашувда ўзининг ҳибсга олинишидан МХХнинг асосий мақсади собиқ Бош прокурор, ҳозирда МХХ раиси Ихтиёр Абдуллаев ва ўтган йил сентябрь ойида Ички ишлар вазири этиб тайинланган Пўлат Бобожоновларга қарши компромат йиғиш бўлганини айтган.

Бундан ташқари, журналист, МХХ тергов ҳибсхонасида мухолифатнинг "Ўзбекистон Халқ ҳаракати" етакчиси Муҳаммад Солиҳга қарши гувоҳлик беришга мажбур қилинганини айтди.

Журналист Бобомурод Абдуллаев¸ блогер Ҳаëт Насриддинов¸ тадбиркорлар Равшан Салаев ва Шавкат Оллоëровлар Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 159-моддаси бўйича (Ҳокимиятни босиб олиш ёки Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумини ағдариб ташлаш мақсадида фитна уюштириш) айбланмоқда. Абдуллаев Интернетда мавжуд конституциявий тузумни ағдаришга қаратилган материалларни тарқатиш билан шуғулланиб келганликда айбланмоқда.

XS
SM
MD
LG