Ссылки доступа

Туркманистонда давлат хизматчилари оммавий тарзда қисқартирилади


Туркманистоннинг бир нечта минтақасидаги “Озодлик” манбалари навбатдаги иш ўринлари қисқартирилиши борасида хабар қилмоқда.

Туркманистон таълим ва маданият тармоғи ходимларининг биргаликда “Озодлик” таҳририятига йўллаган мактубларида айтилишича, Ашхабоддаги кутубхона, маданият марказлари ва музейларида оммавий равишда иш ўринларининг қисқартирилиши кутилмоқда.

Мазкур мактубда иш ўринларининг қисқартирилиш кутилаётган аниқ рақамлар ҳақида маълумот берилган. “Озодлик” таҳририяти ҳозирча расмий тасдиқлашни олмагани боис, бу мактубни эълон қилмади. Шуни таъкидлаш керакки, қисқартирилиши кутилаётган иш ўринлари мингтадан ошиб кетади, улар орасида ўрта мактабларнинг юзлаб ўқитувчилари ҳам бор.

Лебап вилоятидаги манбанинг хабар қилишича, шу ойда Сакар туманидаги муассасаларда иш ўринлари қисқартирилиши кутилмоқда. Ўз номини ошкор қилишни истамаган бир нечта давлат хизматчиларининг сўзларига қараганда, жумладан, соғлиқни сақлаш соҳаси ходимлари иш ўринлари қисқартирилишидан огоҳлантирилганлар.

Ўтган йилнинг куз ойларида Туркманистон таълим ва тиббиёт, шунингдек маданият соҳаси муассасалари пенсия ёшига етган ходимларни қисқартиш борасида юқори ташкилотлардан буйруқ келгани борасида маълум қилинган эди.

Ноябрь ойида Сув хўжалиги ва нефтгаз тармоғи ходимлари штатлари хам жиддий равишда қисқартирилган эди. Маҳаллий кузатувчиларнинг айтишларича, бюджет соҳасидаги ходимлар штатларини қисқартириш энергоресурсларга белгиланган нархларнинг тушиб кетиши туфайли мамлакат иқтисодиёти бошдан кечираётган инқироз билан боғлиқдир.

XS
SM
MD
LG