Ссылки доступа

Тожикистон собиқ бош прокурори Душанбедаги уйи ўзига қайтарилишини сўрамоқда


Бободжон Бобохонов

Тожикистон собиқ бош прокурори Бобожон Бобохонов мамлакат Адлия вазирлиги Душанбе шаҳрининг Ҳофиз Шерозий кўчасидаги уч хонали хонадонини ўзига қайтариш лозимлигини талаб қилмоқда. Бу хонадон 2016 йилда пойтахтдаги Исмоил Сомоний суди қарорига биноан Тожикистон Адлия вазирлигига топширилган эди.

Бобожон Бобохонов 8 март куни баёнот бериб, жиноий иш материалларида Ҳофиз Шерозий номли кўчадаги уй унинг ўғли Файзулло Бобохоновга тегишли мулк сифатида кўрсатилганини айтди. «Аслида уй менга тегишли, мен бу уйни мамлакат бош прокурори лавозимида ишлаётганимда олганман», - дейди юқори лавозимли собиқ амалдор.

Бобохоновнинг сўзига қараганда, хонадон Адлия вазирлигига ўғли Файзулло қамоқда бўлган вақтда берилган. «Адлия вазирлиги уйни Тожикистон президенти ижроия аппаратига топширди. Бу мен уйга даъвогарлик қилмаслигим учун қилинди. Айни дамда уй яна Адлия вазирлиги балансига ўтказилган, мен уйни ўзимга қайтаришга ҳаракат қилаяпман», - деб баёнот берди Тожикистон собиқ бош прокурори.

Эслатиб ўтамиз, 2011 йилда Ғисор туманинг собиқ прокурори Файзулло Бобохонов етти йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган эди. Мамлакат бош прокурорининг ўғлига нисбатан жиноий иш Олий суд томонидан кўриб чиқилди. Файзулло Бобохоновга таъмагирлик, хизмат ваколатларини суиистеъмол қилиш ва Жиноят кодексининг бошқа моддалари бўйича айблар қўйилди.

ОАВ тарқатган хабарларга кўра, аксилкоррупция идорасининг ходимлари унга тегишли мулкларни - Душанбедаги иккита уй, Ғисор тумани ва Қўрғонтепа шаҳридаги қурилиши тугалланмаган иккита уйни, Ғисор туманидаги ҳар бири 10 сотихдан иборат ер участкаси ва боғ участкасини, шунингдек учта қимматбаҳо автомашиналар - иккита Lexus ва битта Toyota Camryни ҳатлади.

Давлат тузилмасидаги манбанинг хабар қилишича, Тожикистон собиқ бош прокурори Бобожон Бобохонов судга даъво аризаси билан чиққан. Бироқ суд Хофиз Шерозий кўчасидаги уй Адлия вазирлиги балансида қолиши керак деган қарорга келди, дея хабар берди манба.

XS
SM
MD
LG