Ссылки доступа

Қозоғистон МХҚ: ҳибсдаги тадбиркор Токмадининг “қочиши” билан боғлиқ ҳолатни ўрганмоқда


Қозоғистон миллий хавфсизлик қўмитаси берган баёнотга қараганда, ҳибсга олинган бизнесмен Муратхан Токмади “қочганидан” сўнг қўлга олинди ва Жамбил вилояти ички ишлар департаменти тергов изоляторига жойлаштирилди.

МХҚнинг таъкидлашича, “қочиш билан боғлиқ вазият, қочиш сабаблари, яратилган имкониятларни аниқлашга қаратилган тадбирлар” олиб борилмоқда. Махсус хизмат ходимларининг айтишича, Токмади 8 март куни маҳаллий вақт билан 19:20ларда Тараздаги вилоят шифохонаси биносидан қочиб кетган, у суд жараёнида соғлиғидан шикоят қилгани учун бу ерда даволанаётган эди. Унга нисбатан 2004 йилда «Банк ТуранАлем» собиқ раҳбари Ержан Татишевни гўёки Мухтар Аблязов буюртмасига биноан ўлдириш айби қўйилмоқда.2009 йилдан бери хорижда истиқомат қилаётган Мухтар Аблязов Татишевнинг ўлимидан сўнг «Банк ТуранАлем» (кейинчалик БТА Банки)ни бошқарган эди.

МХҚнинг маълум қилишича, Токмади Таразда «зудлик билан ушланди»; ушланган вақти ўрганилмоқда. Ҳодисанинг ўзи МХҚ томонидан “қочишга уриниш” сифатида баҳоланмоқда.

Токмадини “қочиши” билан боғлиқ ҳодиса ОАВ ва ижтимоий тармоқларда 8 март куни кечқурун пайдо бўлди, шундан сўнг Тараздаги шифохона атрофи қуршаб олингани, шаҳардан чиқишда полиция ходимлари автомобиларни текшираётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Қозоғистон ИИВ 8 март куни Токмадининг йўқолиб қолгани билан боғлиқ маълумотни инкор ҳам қилмади,тасдиқламади ҳам. 9 март куни эрталаб ахборот сайтлари ИИВ оператив бошқармаси марказига таянган ҳолда, Токмади ушланганини маълум қилди, бироқ тафсилотлар баён қилинмади.

Токмади ўтган йилнинг июнь ойида қўлга олинган эди. «Казстройстекло» эгалик қилувчи тадбиркор ушланганидан сўнг уни бизнес ҳамкоридан пул таъма қилишда ва қонунга зид равишда қурол сақлашда айблашди, куз ойида эса уч йилга хукм қилинди. Кўп ўтмай унга нисбатан буюртма асосида банкир Татишевни ўлдириш айби қўйилди. Ҳибсда ушлаб турилган Токмади республика телеканали орқали чиқиш қилиб, 2004 йилда Татишевнинг ўлими овда бахтсиз ҳодиса бўлмаганини, Аблязов томонидан уюштирилган қотиллик эканини“тан олган” эди. Аблязов Татишев томонидан “буюртма” борасидаги баёнотни «мутлоқо ёлғон» эканлигини ва Қозоғистон расмийлари томонидан қасд олинаётганини айтган эди.

XS
SM
MD
LG