Ислоҳотлар амалдаги президент Си Цзиньпин ёки унинг меросхўрига чекланмаган муддатда ўз лавозимида қолиш имкониятини беради. Хитойда давлат раҳбари муддатларни чеклов борасидаги Конституциявий модда 1990-йиллардан бери амал қилиб келарди.
Февраль ойи охирларида Хитой Коммунистик партияси Марказий Қўмитаси мамлакат Конституциясидан президент ва вице-президент муддатлари чекловларини олиб ташлаш борасида таклиф билан чиқди . Президент ва ХКП раҳбари Си Цзиньпин 2012 йилдан бери бу лавозимни эгаллаб келади, 2017 йилнинг октябрида унинг номзоди беш йиллик муддатга иккинчи бор тасдиқланди.
Давлат ОАВ Конституцияга киритилаётган ўзгартишларни фаол қўллаб-қувватлади. Бироқ махсус назорат идоралари томонидан қисман назорат қилинадиган ижтимоий тармоқларда хитойликлар киритлаётган ўзгартишларни танқид қилишди.
China Youth Daily газетасининг собиқ муҳаррири Ли Датоннинг очиқ хати Тармоқда блокировка қилинди. Мессенджерларда ҳам президентни танқид қилувчи ёки унинг устидан кулувчи ҳар қандай хабар блокланди. “Шахсга сиғиниш” ёки "эмиграция" сўзларини ёзиш ҳам тақиқланди. Си Цзиньпинга “узоқ умр тилаш” ёки уни Мао Цзедунга тенглаштириш ҳам тақиқланди. Оруэллдан иқтибос келтириш ва унинг аксилутопия "1984" ва"Чўчқа ҳовлиси" асарлари ҳам ман этилди. Маълум вақт N лотин ҳарфи ҳам тақиққа учради– бу ҳарф “рақам” ёки “сон”, яъни “муддатлар сони” маъносини англатиши мумкин экан.