Маҳаллий нашрларнинг ёзишича, Ўзбекистон раҳбарининг Душанбега давлат ташрифи якунида президентлар Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон имзолаган қўшма баёнотда шундай келишув кўзда тутилган.К
"Президентлар икки давлат чегараолди ҳудудларидаги мухандислик тўсиқларини зарарсизлантириш масаласи бўйича ўзбек-тожик ишчи гуруҳи тузилишини олқишлади ва бу ишни 2018-2019 йилларда тугатиш зарурлигини таъкидлади", дейилади ушбу нашр қўшма баённомадан келтирган иқтибосда.
Ўзбекистоннинг Тожикистон билан чегарасидаги пиёдаларга қарши миналар ўзбек чегарачилари томонидан 1999 йилда Ўзбекистон Исломий Ҳаракати жангариларининг Тожикистон томонидан Ўзбекистаннинг Сурхондарё вилоятига ёриб кириши олдини олиш учун кўмилган.
Тожикистон Мина масалалари бўйича маркази берган маълумотга кўра, 1999 йилдан 2011 йилгача чегарадаги миналардан 160 дан зиёд одам жабр кўрган, улардан 76 нафари ҳаётдан кўз юмган. Расмий маълумотга кўра, ҳалок бўлганларнинг 15 нафари ёш бола, 5 нафари аёлдир.