Маълумки, бу ҳаракат етакчиси БТА Банкнинг собиқ раҳбари, ўзини амалдаги президент Нурсултон Назарбоевнинг рақиби дея эълон қилган, айни дамда хорижда истиқомат қилувчи Мухтар Аблязов ҳисобланади.
13 март куни Остонада бўлиб ўтган матбуот анжуманида Қозоғистон Бош прокуратурасининг расмий вакили Оксана Лоскутованинг айтишича, ДВКни экстремистик ташкилот дея тан олиниши кераклиги ҳақида “идора вакиллари” судга мурожаат қилган ва бу ариза “бугун Остона шаҳридаги Есил суди қарори билан тўлалигича қаноатлантирилди”.
«Суд ДВК фаолиятини экстремистик дея эълон қилди ва Қозоғистоннинг барча ҳудудларида унинг фаолиятини тақиқлади», — деди Лоскутова. Унинг сўзларига қараганда, тақиқлов ДВК матералларини ОАВ,ижтимоий тармоқ, мессенжер ва сайтлар орқали тарқатишга ҳам қўлланилади.
Бош прокуратура вакилининг баёнот беришича, хорижда турган бўлишига қарамай Мухтар Аблязов “қонунга зид ҳаракатларини” давом эттирмоқда. «Ижтимоий тармоқлар ёрдами ва аҳолига варақалар тарқатиш йўли билан Аблязов фуқороларни ўзининг ҳаракати сафларига даъват қилмоқда, амалдаги хукуматга нисбатан салбий қарашларни шакллантирмоқда, норозилик кайфиятларини юзага келтирмоқда. Аблязов ва унинг фаолларининг жиноий мақсади, бир неча бор намойишлар тинч ўтиши ҳақида берган баёнотларига қарамай, ҳокимиятни куч билан ағдариб ташлаш ва ҳокимиятни эгаллашдан иборат. Бу каби ҳатти-ҳаракатлар “Экстремизмга қарши кураш” тўғрисидаги қонунга кўра сиёсий экстремизм дея тан олинади ва давлат хавфсизлигига қарши жиноят сифатида кўрилади ва таъқиб қилинади», — дея баёнот берди Лоскутова.
Назарбоев бошқаруви йилларида хукумат тизимида ишлаган ва кейинчалик ўзини президент Нурсултон Назарбоевнинг сиёсий рақиби дея эълон қилган Мухтар Аблязов, ДВКнинг асосий мақсади “Назарбоев режимини” тинч йўллар билан алмаштиришдан иборат эканлигини айтиб келади.
2017 йилнингиюнида Аблязов ватанида “БТА маблағларини ўзлаштириш” иши бўйича сиртдан 20 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган эди. Ўзига қўйилаётган айбларни инкор қилган Аблязов суд ҳукмидан сўнг баёнот бериб, Қозоғистон судларининг қарори ўзи учун аҳамиятсиз эканлигини маълум қилган эди.