Юқори лавозимли амалдорлар билан учрашганларидан сўнг Халқаро Валюта жамғармаси экспертлар гуруҳи Ашхабодда баёнот бериб, Туркманистон иқтисодиёти оғир аҳволда эканлигини, шу билан бирга, ташқи иқтисодий муҳитни яхшилаш сари интилишлар давом эттирилаётганини маълум қилдилар.
Коммюнике матнида мамлакат иқтисодий тараққиётининг расмий ўсиш кўрсаткичлари келтирилган. Жумладан, Туркманистонда соддалаштирилган ислоҳотлар амалга оширилаётгани, шунингдек давлат бюджетидан сезиларли даражада молиявий маблағлар ажратилиши сабабли 2017 йилда инфляция ўртача 8% бўлгани қайд қилинган. Импортга нисбатан чекловларнинг ва халқаро тўловларда валюта айирбошлаш қоидаларининг сусайтирилиши жуда ҳам фойдали бўларди, дейилади коммюникеда.
Шу билан бирга ХВЖ миссияси Туркманистон раҳбариятига маъмурий тартибларни соддалаштириш, ислоҳотлар ва ташкилотларни хусусийлаштириш жараёнларини тезлаштиришни, хорижий инвесторларни мамлакатга киритиш борасида маслаҳат берди. Миссия ҳисоботида давлат сармояларини эҳтиёткорлик билан режалаштириш, ҳаражатлар самарасини ошириш, аҳолининг камбағал қисмини ҳимоя қилиш, ислоҳотларни соддалаштириш, соғлиқни сақлаш ва таълимга ҳаражатларни кўпайтириш, инсон капиталига давлат харажатларини ошириш билан боғлиқ масала алоҳида қайд қилинган.
Туркманистонда бўлиб турган “Озодлик” манбасининг сўзларига қараганда, мамлакатда иқтисодий қийинчиликлар даврида сўнгги вақтларда Туркманистон раҳбарияти ХВЖ билан ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратмоқда. Унинг таъкидлашича, сўнги ойларда мамлакат вакиллари бир неча бор ХВЖга мурожаат билан чиқиб молиявий кўмак берилишини сўраган ва ХВЖнинг Вашингтондаги қароргоҳига бир неча бор ташриф буюришган.
"Ўзларнинг биринчи ташрифлари чоғида улар кўп миллиардлик маблағ сўрашди. Делегация ҳеч нарса олиб бўлмаслигини биларди. Иккинчи ташриф чоғида ҳам яна пул сўрашди. Шундан бери бирор бир самара йўқ. ХВЖ Туркманистондан бир қатор иқтисодий чоралар талаб қилмоқда, жумладан, ҳукумат томонидан амалга оширилаётган имтиёзларни ҳаётга татбиқ этиш масаласида ислоҳотлар ўтказилишини сўрамоқда. Туркманистонда бензин нархининг оширилиши шу билан боғлиқ", - дейди “Озодлик” манбаси.